Мўъжазгина отам ҳовлиси,
Ҳикматларга экансан тилсим.
Кўз очганим она Ватандек
Энг азиз жой экансан, билсам.
Жилмаяди кичкина дарчанг,
Менга энди бўш ўрин йўқдай.
Болаликдан қадрдон сўри
Кўзларимга кўринар чўғдай.
Қучоқ очар гўё қаршилаб,
Қадрдоним қари ул шотут,
Шохларида изларим бордай,
Хотиралар бўларми унут?
Тор йўлакча, қўмсамадингми,
Менинг шўх-шод қадамларимни?
Бир-бирига суянган токлар,
Менга ўйчан қарагандайсиз.
Сиздан кетган бўлсам, бу – тақдир,
Ҳолинг не, деб сўрагандайсиз.
Бобом каби хаёлкаш айвон –
Қалдирғочлар манзил-макони.
Кекса олма шохларин тутсам,
Отам қўлларин тафти борми?
Ота уйим – меҳр ўчоғи,
Келсам, онам каби шод, чексиз.
Болалигим қасри. Бахт йўлим –
Остонангдан бошланган шаксиз.
 
Малоҳат РАФИҚОВА,
Ургут