Ўзимга суюкли ўтган ҳаётим,
Не чоғли сенларга берган бисотим,
Ўзгалар кўзи-ла қарай олмайман,
Билмам, оқми-қора ёзилур отим.
 
Эзгулик касб этсанг, дилим сендан шод,
Эгрига ён боссанг, дил мулки барбод.
Пайт борида топгин Ҳақ ризолигин,
Мени дуо билан айла, болам, ёд.
 
Ёмонлиқ қилганлар доим еди панд,
Паст бўлди ўзини тутганлар баланд.
Бировлар умрининг заволин кўзлаб
Юрганлар ўзига бўлишди душман.
 
Ғанимат умр – ҳар тонгги бетакрор,
Деҳқон дон сочишин кутмайди баҳор.
Тандир совиганда ёпилмайди нон,
Яхшилик қил, қувват ҳали сенга ёр.
 
Сенинг нигоҳларинг бу – менинг кўзим,
Юзингда не акс бор, бу – менинг юзим.
Сенга насиб этса Тангри карами,
Демак, зийнатлабман ўзимни ўзим.
 
Инсон умри – мисли лаҳзалик учқун,
Кун келар, оламдан ўтгуси беун.
Фақат эзгуликка бахшида умр
Ўзидан нурли из қолдирар ёрқин.
 
Файзулла НЕЪМАТОВ,
Бухоро вилояти Ромитан тумани