Бу бир ривоятдир, тингла, қулоқ ос,
Хулоса чиқаргин сен ундан бир оз.
Кунлардан бир куни Ҳазрати Али
Битта юрт устидан ўтар маҳали,
Етишди баногоҳ намознинг вақти,
Саждага бош қўймоқ – мўминлик бахти.
Ҳазратим йўл олди масжид томонга,
Шукрлар келтириб яхши-ёмонга.
Ўспирин йигитдан қилди илтимос,
Дулдулин топширди сақла, деб, бир оз.
Йигитга тўрт танга атаб мурувват,
Улуғ зот кўнгилга тугдилар ният.
Намоздан қайтдилар, кўрдилар, ажаб
Ҳолатки, қоровул бўлганди ғойиб.
Ҳам олиб қочибди эгар-жабдуқни,
Шайтонми алдаган кўнгли бузуқни.
Эгар ва жабдуққа жўнатиб одам,
Бозордан қайтгунча кутдилар бир дам.
Хизматкор бозордан келди ортмоқлаб
Йўқолган нарсани, тўрт танга сарфлаб.
Кўрдилар: харид мол таниш барчаси,
Билмасдан сотганди ўғри боласи.
Шоҳмардон қилдилар табассум шу он:
“Бандаси бўлмаса бунчалар нодон.
Нима қилар эдинг гуноҳга ботиб,
Ўзимнинг нарсамни ўзимга сотиб?”
Дедилар: тўрт танга экан насибанг,
Ҳалолдан олардинг шошмасанг, аттанг...
 
Собиржон ОТАБОЕВ,
Бувайда тумани