Одамзод яралди ибодат учун,
Ҳақнинг даъватига ижобат шулдир.
Мудом Ҳақ амрига этсанг итоат,
Бахт шулдир, Раббига ибодат шулдир.
 
Гўдаклик ғам билан ташвишдан холи,
Ўтар йигитлик ҳам чақмоқ мисоли,
Қолмас кексаликда қувват, мажоли,
Ахир, бандалик қил, қаробат* шулдир.
 
Намозу рўзани айласанг қоим,
Амр этди закоту ҳажни Худойим,
Ҳақнинг ёди билан яшасанг доим,
Бандага берилган каромат шулдир.
 
Наслу насаб яшнар одоб, ҳаёдан,
Инсон оқми-қора – шакли – Худодан,
Саййидлик – улуғлик келар тақводан,
Ҳаққа қул бўлолсанг, саодат шулдир.
 
Аҳмаджон айтадир: қилғил бандалик,
Бахтли бўл, тутмасин сўнг шармандалик,
Ибодат учундир асли зиндалик**,
Ҳар бир инсон учун саодат шулдир.
 
Аҳмаджон Бобомурод
 
 
* Қаробат (арабча) – Аллоҳга яқинлик.
** Зиндалик – тириклик.