Азиз инсон, одам эрсанг, китобни сев, 
Китоб ичра ҳидоятни, хитобни сев, 
«Иқроъ» дебон нидо келди Ҳиро узра, 
Бўлсанг агар чин одамий – китобни сев.
 
Китоб ўқиб, лаззат топди алломалар, 
Ҳикмат топиб, ҳурмат топди алломалар, 
Шундан Ҳаққа қурбат топди алломалар, 
Азиз инсон, дил ҳамдами – китобни сев.
 
Китоб озор бермас, сени кўп шод қилур, 
Гуноҳлардан тийиб, кўнглинг обод қилур, 
Китоб фақат яхшиликка иршод қилур, 
Ўқиганнинг қолмас ғами – китобни сев.
 
Ким китобни севмас – ўзин хор айлагай, 
Кўзи бору, қалб кўзини кўр айлагай, 
Китобсизлар мудом феълин тор айлагай, 
Бас, қоронғу туннинг шамъи – китобни сев.
 
Китоб сенга тарихлардан сабоқ берур, 
Йўл топгин деб қўлингга бир чироқ берур, 
Азизларга ҳамроҳ этиб, ўртоқ қилур, 
Китобдорнинг бўлмас ками – китобни сев.
 
«Бешикдан то қабргача...» – қутлуғ сўздир, 
Пайғамбарлар амрини тут, илм ўстир, 
Аҳмад айтур: китоб сенга асл дўстдир, 
Мўминларнинг чин ҳамдами – китобни сев.
Аҳмаджон Бобомурод