Зикрда бўл – давру даврон истасанг,
Ҳақни ёд эт – нури Субҳон истасанг.
 
Тавба, таҳлил, истиғфорга ғайрат қил,
Саҳар тургил – фазли Раҳмон истасанг.
 
Поклик ила илму дониш йўлин тут,
Доим пок бўл – илми Қуръон истасанг.
 
Намоз – жаннат калитидур, билиб ол,
Ибодат қил – афви Ғуфрон истасанг.
 
Кўп емоқлик, кўп демоқлик офатдур,
Рўза тутгил – лутфи Ризвон истасанг.
 
“Аллоҳ зикри ила ором топур дил”*,
Тиловат қил – равҳу райҳон истасанг.
 
Яхши амал – боис бўлур жаннатга,
Тақво қилгин – Ҳақдан омон истасанг.
 
Саодатдан бўлсанг агар умидвор,
Расул йўлин тутгил – дармон истасанг.  
 
Суннатларга ихлос ила амал қил,
Шафоатдан умид – бурҳон истасанг.
 
Устозларинг хизматин қил ҳамиша,
Ҳақдан иззат – илму ирфон истасанг.
 
Бу дунёда номаҳрамдан узоқ бўл,
Охиратда ҳуру ғилмон истасанг.
 
Ота-она ризосини топиб қол,
Ҳақ ризосин агар чандон истасанг.
 
Элу юрту дин хизматин доим тут,
Агар бахти Ўзбекистон истасанг!
 
Аҳмад айтур: тўғри юргил, тўғри бўл,
Агар роҳи комил инсон истасанг!
 
Аҳмаджон Бобомурод
 
“Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зик­ри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” – оятига ишора. (Раъд, 28).