Барчага яхшилик соғинсанг – инсоф,
Саховат ёмғирин ёғдирсанг – инсоф.
Кимсадан ғам-андуҳ ғуборин қувлаб,
Ёруғликлар сари чақирсанг – инсоф.
 
Ўзганинг ҳақидан қўрққанинг – инсоф,
Сендан бировга наф юққани – инсоф.
Кимгадир сўз қотсанг ахлоқ бобида,
Жон қулоғи билан уққани – инсоф.
 
Инсофли инсонда бўлмайди исроф,
Дилида ҳисоби, қўлида китоб.
Чеҳрасин кўрганда кўнгиллар хушнуд,
Гўё чарақлайди юзида офтоб.
 
Инсофли кишилар дилни оғритмас,
Оҳиста сўзлар-у, дағал сўз қотмас.
Қайнаб турар унда меҳр булоғи,
Иззат буржида у, обрў йўқотмас.
 
Инсоф асосини қўйма қўлингдан,
Барча баҳра олсин қилган тўйингдан.
Ҳиммат уруғини сочсанг қаерга,
Раҳмат лолазори унар йўлингдан.
 
Инсоф уруғини соч, Абдураҳмон,
Зеро, баҳра олса фарзанди инсон, –
Имонли, инсофли банда қатори
Насиб этса сенга хайрли поён.
 
Абдураҳмон МАҚСУДОВ