Каъбангга еткурдинг, шукр,
Жаннатларинг қандоқ экан?
Замзамга еткурдинг, шукр,
Кавсарларинг қандоқ экан?
 
Кўнглимда истиғфорларим,
Айбим учун иқрорларим,
Журму гуноҳ исёнларим...
Афв этганинг қандоқ экан?
 
Неъматларинг кўпдур ажиб,
Байтингга ҳам этдинг қариб,
Жаннатдаги нону насиб,
Неъматларинг қандоқ экан?
 
Эй Сен, Худойи меҳрибон,
Банданг гуноҳкордур ёмон,
Уқбо кунида каттакон –
Раҳматларинг қандоқ экан?
 
“Лаббайка” айтиб тилларим,
Нурларга тўлди дилларим,
Уммат деса Пайғамбарим,
Шафқатларинг қандоқ экан?
 

Муниса ҲАМИДОВА

Қашқадарё вилояти, Китоб тумани