Фарзандларим, дилбандларим, ўғлим-қизим,
Дил ҳузури, қалб сурури, кўрар кўзим,
Меҳр бериб, минг ўргилиб сиздан ўзим,
Фидо бўлсам, молу дунё сўрамасман.
 
Борлигингиз меним учун бир давлатдир,
Соғлиғингиз ажаб бахту саодатдир,
Шодлигингиз ўзи улуғ мукофотдир,
Шундин ўзга улуғ савғо сўрамасман.
 
Узун-узун кечаларни тонгга улаб,
Доим бахту омадингиз Ҳақдин тилаб,
Эвазига сиздан қилгум қатъий талаб:
Аҳил бўлинг, бошқа асло сўрамасман.
 
Тинчу тотув бўлсангизлар, дил хотиржам,
Сабр қилгум соғинтирган вақтингиз ҳам.
Ҳар бир ишда ҳамдам бўлинг, бўлинг бирдам,
Шундан ўзга суду савдо сўрамасман.
 
Минг розиман, Парвардигор бўлсин ризо,
Қўлим очиб ҳар сония қилай дуо:
Барчангизга Аллоҳ этсин ажр ато,
Шундан бўлак ажру ато сўрамасман.
 

Муниса ҲАМИДОВА

Қашқадарё вилояти, Китоб тумани