Кипригимдан томчилаб ёшим,
Тош деворга урилди бошим,
Кўп ўйланиб бағримни тилдим,
Эгам учун мен нима қилдим?

Ёмонликни четлаб ўтмадим,
Ғийбатчини ёлғиз этмадим.
Ширин сўзни тилимдан юлдим,
Эгам учун мен нима қилдим?

Нола қилган пайтим Худога,
Қўлларимни очсам дуога,
Сўраганим армонсиз олдим,
Эгам учун мен нима қилдим?

Ҳидоятга бошлагувчи Сен,
Қалб кўзларин ёшлагувчи Сен,
Нафс йўлида югурдим, елдим,
Эгам учун мен нима қилдим?

Гуноҳлардан бир зум толмадим,
Савоб ишим ҳеч эслолмадим,
Қўрқув – тубсиз жарга йиқилдим,
Эгам учун мен нима қилдим?

Тавба қилсам қабул этарми,
Мендан кулфат йироқ кетарми?
Кеч бўлса-да, очилди кўзим,
Тавба қилдим, шафқат эт Ўзинг!

 

Жамшид КОМИЛОВ,
Андижон вилояти