Ҳадислар мазмунини ихчам тарзда шеърга солиш – эзгу анъана. Нусратуллоҳ Каримхон ҳам яхши ниятда ушбу анъанани давом эттиришга қўл урди. Унинг ижод намуналаридан айримлари билан танишинг.

“Ҳадя улашинглар, (бир-бирингизни) яхши кўрадиган бўласизлар. Қўл бериб кўришинглар, диллардан ғам, гина кетади...”

Совға беринг, сизга шафоат етгай,
Раб эзгу амалга яхшилик битгай.
Қўл бериб кўришинг очиқ юз билан,
Дилдан ғусса ариб, гиналар кетгай...

“Ҳар бир эшитган нарсасини гапириши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади...”

Ҳар замон кўришиб, қилганда суҳбат,
Яқин дўстлар сўзин билгил омонат...
Эшитган ҳар гапни ўзгага сўзлаш
Ёлғончи бўлмоқ-чун қилур кифоят...

“Биродаринг устидан кулма, Аллоҳ унга раҳмат бериб, сени эса ўша балога гирифтор қилмасин”.

Омонат кучингга кеккайиб ошкор,
Сен дўст кемтигидан кулмагин зинҳор.
Тангри ул бандага раҳмат ёғдириб,
Шу дардга қилмасин сени гирифтор.

“Агар икки мусулмон қилич яланғочлаб, бир-бири билан урушса ва бири иккинчисини ўлдирса, ўлдирган ҳам, ўлган ҳам дўзахга тушади”.

Қатлни қасд этиб икки мусулмон,
Қилич яланғочлаб тўкар экан қон,
Ул бири соғ қолиб, бири берса жон,
Иккисин ҳам жойи дўзах бегумон...

“Жони бор нарсани ўқ отишда нишон қил­манглар...”

Расулуллоҳ амрин унутманг бир он:
Ҳар бир жонли учун азиз эрур жон.
Бекорчи эрмак-чун ўқ отиб зинҳор
Жони бор ҳайвонни қилмангиз нишон...

“Киши дўстининг динида бўлади. Ҳар бирингиз кимни дўст тутмоқдасиз – қараб дўстлашинг”.

Ҳар кимки дўстлашур бўлиб жонажон,
Дўстига у диндош бўлгай бегумон.
Сен кимга ёндашдинг, эҳтиёт бўлки,
“Ўзингга душмандир сўнгги пушаймон...”

“Кимки қавмин икки гуруҳга бўлини­шига сабабчи бўлса, у биздан эмас”,

Расулуллоҳ дер: ким аҳли мусулмон –
Дўст бўлиб, тинч-тотув яшайдир ҳар он.
Кимки қавмин ёвлаб, бўлгай иккига,
Биздан эмас ўшал бузғунчи инсон...

Тошкент