Кексалари иззатда,
Ёшлар ижод, меҳнатда.
Ҳақ назар солган юртда –
Туғилганимга шукр.

Тиниқ, беғубор осмон,
Осойишта, тинч замон,
Эъзозда ҳар бир инсон
Бўлганлигига шукр.

Машаққатдан чўчимас,
Изланишдан чарчамас,
Ютуқлар марра эмас,
Элим – меҳнаткаш, шукр.

Дуога очиқ қўлим,
Фаровон, ёруғ йўлим.
Сиғинганим Аллоҳим –
Қўллаганига шукр.

Эзгу ишлар ташвишим,
Тўйдан чиқмайди бошим,
Тўғри йўлга Юртбошим –
Бошлаганига шукр.

Раҳмон Очил, йўқ армон,
Келди куйламоқ замон.
Истиқлол берган имкон –
Истиқболимга шукр.

 

Раҳмон Очил Пойкандий,
Бухоро вилояти Қоракўл тумани