Беҳзод ФАЗЛИДДИН

 

* * *

Ўзинг рози бўлганинг ҳар қайга юбор,

Ўзинг истаганинг ҳар жойга чақир.

Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор,

Номингни айтганга нажот бор, ахир.

 

Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,

Бошқани ўйламай, бошқани демай.

Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,

Ўзгани Ўзингдай севдирма. - севмай.

 

Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,

Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.

Тазарру мендандир, тараҳҳум Сендан –

Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.

 

Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй,

Тоабад дунёга ишқим тушмасин.

Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –

Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.

 

Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,

Осий ҳисларимни буткул даф этгин.

Вужудим бахшида, руҳим бахшида,

Севгимни Севгингга мушарраф этгин.

 

* * *

Исён бўлиб исён эмасди бу ҳис,

Армон бўлиб армон эмасди бу ҳис,

Аммо сира тинчлик бермасди бу ҳис,

Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

 

Воҳки, ақл-ҳушли ажиб телбаман,

Осон енгиламан, осон енгаман.

Манов кўпикларга қандоқ сингаман?

Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

 

Тушуниб бўларми ҳаёт дарсини,

Адо этарманму фарзу қарзини,

Ким ғаразсиз тинглар юрак арзини?

Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

 

Такрор-такрор айтдим, дил ёриб айтдим,

Бош олиб кетдим-у, ёлвориб қайтдим,

Кул эт, ғазабингни келтирса байтим,

Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

 

Бир ёруғ дуога айланди умрим,

Нур бўлиб қошингга шайланди умрим,

Сўзингга, Ўзингга бойланди умрим,

Паноҳингдан бошқа борар жой йўқдир.

 

* * *

Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг,

Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар.

Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг,

Хуш бўйлари салавотга айлансалар.

 

Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда,

Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда,

Камтарликнинг чўққисига чиққанингда,

Таъзимларинг салобатга айлансалар.

 

Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг,

Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг,

Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг –

Уйқуларинг ибодатга айлансалар.

 

Томирингда оқар ҳаёт нашидаси,

Ҳар қадаминг тирикликнинг қасидаси,

Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси,

Андуҳлари саодатга айлансалар.

 

Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг,

Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг,

Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг –

Дуоларинг ижобатга айлансалар...

 

* * *

Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,

Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.

Қиёфа жангидан чекинди сурат,

Ўзини кутишдан тўймади Одам.

 

Йиллар олиб кетди – юзлари сўлғин,

Таъмини йўқотган туйғулар тахир.

Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,

Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир.

 

Қадарда борига қилмади зарда,

Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.

Ишқилиб энг сўнгги сонияларда

Илиниб қолмаса эди кўзлари...

 

* * *

Тасбеҳ айтаверсам, зикр айтаверсам,

Ёдингга кўмилиб кетса баётим.

Берсангу бермасанг – шукр айтаверсам,

Ибодатга дўнса бутун ҳаётим.

 

Ҳар гапим сўзларнинг сараси бўлса,

Катта кетмасам ҳам майдалашмасам.

Маконим маънолар ораси бўлса,

Дунё талашмасам, жоҳ талашмасам.

 

Мадор бериб турсанг, ҳолсизлатмасанг,

Юрак тўхтамаса севишдан бир он.

Ўзимга қўймасанг, ёлғизлатмасанг,

Сенинг дўстларингга дўст тутинса жон.

 

Буюк таскин ила кўнглим шодласанг,

Давлатманд айласанг қаноат билан.

Фақат, фақат, Ўзинг мукофотласанг

Икки дунёга тенг Саодат билан...

 

ЎҒИЛ

Ота, далангизга дард сочиб келдим,

Яна машаққату заҳматлар Сизга.

Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,

Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?

 

Она, соғинчингиз сочи оқарди,

Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.

Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,

Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.

 

Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,

Кимдир тўкаверди нур изларимга.

Ўзимни-ку, хафа қилдирганим йўқ,

Озор бериб қўйдим азизларимга.

 

Майсалар, парёстиқ бўлинг бош қўйса,

Чинорлар, отамнинг ёнида юринг.

Боласини ўйлаб юраги куйса,

Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.

 

Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,

Мени кутиш учун келган оламга,

Қўллари толмасин челак кўтариб,

Булутлар, сув ташиб туринг онамга.

 

Ота, дардингизга бошман, биламан,

Она, тушларингиз бир кун келар ўнг.

Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,

Кимлигимни англаб борганимдан сўнг.

 

* * *

Тўлиб кетганида такбирга осмон,

ҳамду сано айтиб турган тошлар,

дилбузар доғларга келтирса қирон

мангулик қўшиғин куйлаган қушлар,

 

Зулфиқор майсалар, кескир шаббалар

зулматнинг бағрини этганда пора,

изингдан эргашса ёруғ шарпалар,

чечаклар қуёшдай қилса наззора.

 

Паҳлавон ниҳоллар бўй чўзиб кўкка,

матонат илмидан берганда сабоқ,

муккасидан кетмай тирикчиликка,

юмшоқроқ бўлишга ундаса тупроқ...

 

Баридан орттириб нима ҳам дейин,

ҳикматлар уйидир ҳаёт дегани.

Шунча ҳайрат, шунча сабоқдан кейин,

уялиб кетасан шеър ўқигани...