Султон  МУРОД

ҲАВОЛАНМА

Ўтар дунё учун, кўнглим, бу жонингга ҳаволанма,
Ён атрофинг тўлатган меҳрибонингга ҳаволанма.

Келарлар, кетдилар ёки кетарлар бир куни, албат,
Шуни билсанг, шамоли ногаҳонингга ҳаволанма.

Оёғинг Ерни ўпмасдан қадаб кўзни, эгил чандон,
Эл ичра кўп  “тўкис”  деб хонадонингга ҳаволанма.

Кериб кўкрак, кўр, ул бургут ўзин чўққига бир урди,
Хаёл этган ҳаёти жовидонингга ҳаволанма.

Агар бир пуф ила учгай бу чўнг қоя мисоли чанг,
Емай-ичмай йиғилган миллионингга ҳаволанма.

Ажал тақдир ёзар бўлса, бориб Камчаткадан топгай,
Сени юксак кўтарган бу замонингга ҳаволанма.

Мурод султонисан  ёинки  султонлар муродисан,
Учиб кўкка, Қуёш қучган ҳар онингга ҳаволанма.

ХИЛВАТНИШИНЛИК

“Фароғат кунжида бир гўша тутсам,
Мени эл, мен доғи элни унутсам”.

Ики йилдирки, чун хилват тутибман,
Ҳама ҳою ҳавас баҳридан ўтсам.

Ҳаёт шукрин қилиб, қолган нафаслар
Тамаънинг чашмасин буткул қурутсам.

Кўнгил кайфиятин пойлаб туну кун,
Шу хилватхонада илҳомни кутсам.

Шамол тезлигида қайраб қаламни,
Калом денгизида кемам юрутсам.

Фақат заҳмат чекарман кўп, сабабким –
Қаю гапни ёзиб, қай бирни ютсам?!

Сен, эй Султон Мурод, бошинг қотирма,
Дилим айтиб турар, қай сўзни битсам.

Ё УЛ ҚИЛИБ, Ё БУЛ ҚИЛИБ...

Сен яратдинг, оҳ, уни  бир гул қилиб,
Бу кўнгилни ишқида булбул қилиб.

Гарчи сўнг йўлида монеъ истадинг,
Қўйдинг охир Ўзинга бир қул қилиб.

Гул тиконлар ичра пинҳон айладинг,
Зору илтижоларим бир пул қилиб.

Ё қил инсоф, ёки бу тизгинни торт,
Дилга парвоз берма-да Дулдул қилиб.

Ишқида қўлга қалам тутқаздинг-а,
Охири, ё ул қилиб, ё бул қилиб.

Эй, қачон Султон муродига етар,
Ёзганин девон тузиб, сўз мўл қилиб?

БЎЛДИ МЕНГА

То Ватан, булбул кеби, бу Гулситон бўлди манга.
Комрон МИРЗО

Бахтим улдурки, Бухоро остон бўлди менга,
Кўз очиб кўрдим, бу дунё бўстон бўлди менга.

Тупроғин ўпдим, қилиб чун кўзларимга тўтиё,
Чўлларин кездим ялангпой, руҳи жон бўлди менга.

Сувларин ичдим, чўмилдим, айладим руҳимни пок.
Чун Зарафшон оби раҳмат, зарфишон бўлди менга.

Боғида – бошим уза гул, даштида дил яйради,
Мадҳини битсам, туганмас достон бўлди менга.

Лек бобом ўлган куни бир қироат қилмадим,
Бўйнима –  юк, бағрима – доғу ямон бўлди менга.

Мен-ку мен, не-не буюклар ичга ютди дардини,
Ўтди юз армон билан, бу  беамон бўлди менга.

Келди бир хушнуд маҳал, чиқди доно раҳнамо,
Эл олиб эркини қўлга, ал-амон бўлди менга.

Гуллади ҳам яшнади, булбул ғазалхон бўлди, кўр,
То Ватан, булбул каби, бу гулситон бўлди менга.

Эй Мурод Султон, билиб қўй, дўппинг от сен осмон,
Чун Ватан, тақдир кулиб, Ўзбекситон бўлди менга.

 

Икром НАРЗУЛЛО

МЕҲРИНГГА МУҲТОЖМАН, ЯРАТГАН!

Бир ожиз бандангман дард етган,
Дунё бир иморат – дарз кетган,
Идрок бер, ўзимни топай ман.
Меҳрингга муҳтожман, Яратган!

Бир ён жим, бир ёнда шов-шувлар,
Кимдир у, йиртқичдек увуллар?
Бир ён тинч, бир ён жанг – қув-қувлар.
Оламни чирмайди қўрқувлар.
Меҳрингга муҳтожман, Яратган!

Серташвиш одамга тинчлик бер,
Сени таниганлар тинчлик дер,
Эл-юртга кераги тинчликдир...
Меҳрингга муҳтожман, Яратган!

Даъвогар билмаса каломинг,
Мўминми, унутса саломинг?!
Қадрига етмаса инъомнинг,
Меҳрингга муҳтожман, Яратган!

Тавфиқ бер, ҳар кўнгил яйрасин,
Қақшатма ҳеч элнинг боласин,
Ёмонлар йўлини бойла Сен,
Меҳрингга муҳтожман, Яратган!

ИККИЛИКЛАР
*   *   *
Ахир қарасанг-чи, беминнат офтоб,
Сенда-чи, менда-чи, миннат бор – гирдоб...
*   *   *
Бир кам бу дунёни мақтаб на қилдим,
Сўқмоқ йўлларида неча қоқилдим...
*   *   *
Бир кун келиб кўз тортар хира,
Алдаб бўлмас юракни сира...

ОЛИСДА

Ватандан олисда,
Дилдан олисда,
Қишлоғимга элтар
Йўлдан олисда
Кечикиб боряпман,
Юрак, сен холис...

Ҳашаматлар ичра
Сиқилганинг рост,
Болаликдан ёдгор
Тупроқ ҳовлида
Онам меҳри тафтин
Соғиндим чексиз...

ОНАЖОН

Самодан тикилдим, онажон
Сариқ экан ернинг ҳам ранги.
Сиз кетган сўнг билдим, онажон,
Бунча маҳзун алла оҳанги...

ИЗТИРОБ

– Кетақолинг, дединг,
Кетяпман, мана,
Шаҳар кўчалари
Аро тентираб.
Сен турган қаватга
Қараб қўяман.
Кўнглим дарчасига
Бўйлар изтироб.
– Келақолинг, десанг,
Қайтоламанми?!
Умр ўртасида
Илк бор тиз чўкиб,
Сен кутган дил сўзин
Айтоламанми?!
– Кетақолинг, дединг,
Кетяпман, мана,
Ҳижрон кўчалари
Аро тентираб...
Кўксим ойнасига
Қараб қўяман –
Қип-қизил ёмғирлар
Чўғдай томчилар...

Салим РИХСИЕВ

ИФТИХОР

Раббимни ёд этиб гирёна ўзим,
Ҳажрида тобландим – дурдона ўзим,
Ишқида ўртандим – афсона ўзим,
Яхшилар пойида остона ўзим.
Ифтихор этаман Аллоҳни таниб,
Яшаб ўтмоқдаман ишқида ёниб.

Раббим ҳаёт бериб, бор этди мени,
Қудратин кўрсатиб, лол этди мени.
Имон лаззатига ёр этди мени,
Синов юкин тортган нор этди мени.
Ифтихор этаман Аллоҳни таниб,
Яшаб ўтмоқдаман ишқида ёниб.

Бир ожиз бандаман – парвонаман зор,
Шу ишқим туфайли қалбда ифтихор,
Минг шукр, саодат менга бўлмиш ёр,
Муқаддас исми тил, дилимда такрор...
Ифтихор этаман Аллоҳни таниб,
Яшаб ўтмоқдаман ишқида ёниб.