Бибисора ТУРОБ қизи

МУНОЖОТ

Қўлимиздан тушмасин Қуръон,
Дилимизни ёритсин имон.
Тилимизни бурро қилсин Ҳақ,
Ўзига дўст, ошно қилсин Ҳақ.

Йўлимизни ёритсин илм,
Ғам, ташвишни аритсин илм.
Солиҳ бўлсин болаларимиз,
Ҳаққа етсин нолаларимиз.

Хокисорлик ташлаб кетмасин,
Шайтон, кибр бошлаб кетмасин.
Ҳар бир дамга қилайлик шукр,
Йўл кўрсатсин ҳазрати Хизр...

Дуо қилсин Соҳибқироним,
Ҳақ асрасин бу азиз жоним.
– Бандам дея, қўлласин Аллоҳ!
– Умматим десинлар Расулуллоҳ!


ЁМҒИРЖОН

Ерни ювгин, ювгин кўнглимни,
Ювгин қонлар томган манзилни.
Золимларнинг бошини ювгин,
Мазлумнинг кўз ёшин ювгин.

Ювгин ёнган уйлар куясин,
Ювгин чанқоқларни суясин.
Ювгин ўргимчаклар тўрини,
Ювгин ниятларнинг кирини.

Ювгин золимларнинг ғорини,
Ювгин етимларнинг зорини...
Ювгин жароҳатлар ўрнини,
Ювгин қабоҳатлар зулмини...

Сен Аллоҳдан иноятсан, ёмғиржон,
Сен Аллоҳдан мукофотсан, ёмғиржон.


***
Эшигинг оч, остонангда турибман,
Бу ёлғон дунёда Ҳақ деб юрибман.

Тиланчингман, бўш қайтарма қўлимни,
Ўзингга бур аросатли йўлимни.

Эшигинг оч, остонангда турибман,
Бу ёлғон дунёда Ҳақ деб юрибман.

Ўзинг сари бургин ибодатли йўлимни.
Ҳаж, умрада, жойнамозда бергин ўлимни...

Дўрмон


Жаъфар МУҲАММАД

Мени ҳайратга сол...

Қалбингга қулоқ сол, қўлингдан келса,
Бўлмагин хомхаёл, қўлингдан келса!
Ўзингдан кетдингми? Адо бўлибсан!
Ўзингни қўлга ол, қўлингдан келса!
Ўзгадан бир жавоб кутишдан олдин,
Ўзингга бер савол, қўлингдан келса!
Қўлингда эмас-ку келмоғу кетмоқ,
Ўзингча очма фол, қўлингдан келса!
Бунча гап сотасан, гап сени сотгай
Бир куни... Эк ниҳол, қўлингдан келса.
Ўшани ўрасан, нимани эксанг,
Яхшилик эка қол, қўлингдан келса.
Бозорни кўрибсан, мозорни ҳам кўр,
Бир нафас ўйга тол, қўлингдан келса.
Бировнинг камолин кўролмадинг ҳеч,
Ўзинг ҳам топ камол, қўлингдан келса.
Минг миннат этгандан бир яхшиликни,
Қилмасдан қўяқол, қўлингдан келса.
Юз йил бўлди, ҳайрат нима, билмайман,
Мени ҳайратга сол, қўлингдан келса!
Мен шунча гапирдим, яна келмасин,
Кўнглингга бир малол... Қўлингдан келса...

НУРИ ҲАЙРАТ

Сенга не бергай дилим меҳру муҳаббатдан бўлак?
Менга сендан не етар, ранжу машаққатдан бўлак?

Сенга не этгай ато қалбимда ёнган ишқ ўти
Кўзларингда порлаган бахту саодатдан бўлак?

Кўзларимга не насиб этгай сени кўрган замон
Тонгда ёришган қуёшдек нури ҳайратдан бўлак?

Ҳар не мендан истасанг,  этгум пойингга армуғон,
Нени сендан истагум лутфу саховатдан бўлак?

Ҳар неки менга насиб этса Худойим, розиман,
Бир нафас сендан жудолик,  ҳажру фурқатдан бўлак!

Хаста Жаъфардек фақиринг не тилар,  эй шоҳи ҳусн,
Бир табассумлик саховат, лутфу ҳимматдан бўлак?!

КЕЛДИМ ЯНА

Рахна айлаб тун ҳисорин, эй қамар, келдим яна,
Шамс янглиғ ёритиб вақти саҳар келдим яна!

Бир нафас ҳам айрилиқ сендан сафардир мен учун,
Бас, етар сендан йироқ сайру сафар, келдим яна!

Ўтди юз хавфу хатар кўйингда,  бундан ҳам кейин,
Пешвозим чиқса-да юз минг хатар, келдим яна!

Тарк этиб тун зулматин,  аччиқ фироқнинг узлатин,
Сен томон эй моҳитоб, эй лабшакар, келдим яна!

Майли,  бошимга маломат тоши ёғдирсин фалак,
Майли,  ғийбатга тўлиб кетсин шаҳар, келдим яна.

Ишқу соғинчу муҳаббатдан дилимда армуғон,
Сенга айтгумдир  дебон юз хушхабар, келдим яна!

Истагим шулдир: дема Жаъфар, Худо ҳаққи, бу гал,
Ёр васлига етолмай, бесамар келдим яна!


Равшан ИСОҚОВ

МЎМИН ТЎЙМАС САВОБГА


Ёлғизнинг ёри Аллоҳ,
Ўзидан сўра паноҳ.
Силаи раҳмни бил,
Зулмкор бўлма ногоҳ.

Бойлигу мансабинг ҳам
Фойдасиз сенга ул дам.
Қилган амалингдан наф
Танҳо – меҳрибон Эгам.

Савобга тўймас мўмин,
Унутар тун оромин.
Зикр тушмас тилидан,
Ҳалоллаб ер таомин.

Меҳнатинг ҳам ибодат,
Илм олмоқни қил одат.
Ким собит тўғриликда,
Манзил сўнги – саодат.

Пайғамбарга дўст тутин,
Савоб қилсанг қил бутун.
Улуғ зотларга эргаш –
Ибрат билгин ҳаётин.

Қуръон каломи тилда,
Муҳаббат бўлсин дилда.
“Хорлик қанотин паст тут”,
Қадр топарсан элда.

ИСЛОМ

Ислом – бу тараққиёт,
Ислом тинчлик дегани
Ва абадий барҳаёт,
Тотувликдир билгани.

Бошлайди эзгуликка
Исломий бағрикенглик.
Йўл қўймас ёвузликка
Динлараро чин тенглик.

Ҳидоят сари йўл бу,
Манзили ҳур саодат.
Муслим муслимга кўзгу,
Асл мағзи ибодат.

Зўравонлик унга ёт,
Гўзал хулқ мўминга хос.
Аллоҳни этайлик ёд,
Юракдан қилиб ихлос.

Қалбларда бўлса Аллоҳ,
Тарк этмагай диёнат.
Чин мўмин, иншоаллоҳ,
Қилмас юртга хиёнат.


ТЎРТЛИКЛАР
*   *   *
Кўнар инсон на совуғу на исиққа,
Кўнглим бойдир, лекин андек қўлим қисқа.
Яшамадим яйраб гарчи ошиб-тошиб,
Шукр қилдим Аллоҳ берган неъмат-ризққа.

*   *   *
Беш маҳал саждада тиззам қаварсин,
Мозорлар бор, берар тириклик дарсин.
Аллоҳ ҳузурига борар чоғимда
Калима айтмоққа тилим ярасин.

Тошкент