Отабек БОҚОНИЙ

Имомлар

Маърифатдан сўзлайди, юрт фойдасин кўзлайди,
Гўдакни ҳам сизлайди, аҳли ҳаё имомлар.

Дунёда ҳамма меҳмон, ҳаёт – катта дастурхон,
Ҳар қадамда имтиҳон, ғайри риё имомлар.

Яхши бўл, деб ёмонга, чақиради имонга,
Кибру ҳаво томонга боқмас қиё имомлар.

Оқ салласи бошида, ўз қавмининг қошида,
Билимдон қуёши-да, илми дунё имомлар.

Замон билан ҳамнафас, олим, қори забардаст,
Эзгуликдан берар дарс, булбулигўё имомлар.

Боқоний дер тинч замон, ибодатга кўп имкон,
Яшнасин Ўзбекистон, қилинг дуо, имомлар.
 

Ҳаёт шундан иборат
 

Кимдир тошдан ким лойдан
Шаҳардан ё чўл жойдан
Ким баланддан, ким сойдан,
Қурар турли иморат,
Ҳаёт шундан иборат.

Бозор тўла буюмга,
Мева-чева кийимга,
Ҳамма дер: Ўз уйимга
Қилай яхши тижорат,
Ҳаёт шундан иборат.

Деҳқон кетмон ушлайди,
Тиним билмай ишлайди,
Меҳнатни олқишлайди,
Экар ҳар хил зироат,
Ҳаёт шундан иборат.

Баҳор ёзу куз келар,
Қаҳратон қиш муз келар,
Ортдан ўғил-қиз келар,
Уларга имкон ярат,
Ҳаёт шундан иборат.

Ҳамма ҳар ёққа шошар,
Яшаш учун курашар,
Ким ёмон, ким зўр яшар,
Ҳар томонда рақобат,
Ҳаёт шундан иборат.

 

Тўртликлар

Кексалик дарахтмас чириб қувраган,
Кексалик уй эмас эски нураган,
Кексалик улкан тоғ марварид қоя,
Илоҳим раҳмати билан ўраган.

* * *
Устимиздан учиб ўтди булутлар,
Билмам, недан чўчиб ўтди булутлар.
Аллоҳ амр этмади – ҳатто бир томчи
Сув ташламай кўчиб ўтди булутлар.

* * *
Қуёш чиқар, яна ботади,
Сал ўтмасдан тонг ҳам отади.
Меҳнаткашга етишмайди вақт,
Бепарволар ухлаб ётади.

Иштихон

 

Баҳриддин САДРИДДИНОВ
 

* * *
Ҳаёт – ойна, унда расминг кўрарсан,
Кимдир шодланади бўю бастидан.
Арпа эксанг, бир кун арпа ўрарсан,
Шоли тегирмонда кечар пўстидан.

Сой тошса ёмғирдан, сел аталгайдир,
Бир-бирин суяшган эл аталгайдир.
Суяшни билмаслар чарчаб, толгайдир,
Селлар босиб ўтар унинг устидан.

Дунёнинг ишига бўлмагин ҳайрон,
Сотилар макр гоҳ қиммат, гоҳ арзон,
Макрдан маст бўлган, воҳ, битта нодон
Суриниб йиқилса, кўрар дўстидан.

Инсоф сотилмайди, эҳсон қилинмас,
Инсофсиз дўст топмас, дўстга илинмас.
Гар тошни тишласанг, синмас, бўлинмас,
Тоғлар қум бўлгайдир, шамол дастидан.

Ватандан яхши ёр  бўлмагай, эй дўст,
Ватан – мангу дарахт, сўлмагай, эй дўст.
Рост сўзла, ҳақиқат ўлмагай, эй дўст,
Дунёнинг камоли – сўзнинг ростидан.

* * *
Фаришталар секин кўкка шайланар –
Кундуз билан туннинг оралиғида,
Осмоннинг бир чети чўғга айланар –
Кундуз билан туннинг оралиғида.

Кундузнинг ҳансираб нафаси келар,
Туннинг шивирлаган бир саси келар,
Сойнинг юлдузларга ҳаваси келар –
Кундуз билан туннинг оралиғида...

Аллоҳнинг бу пайти шафоати кенг,
Гадо шоҳга, шоҳлар гадоларга тенг,
Иккови бир зумда ўтиб кетди денг,
Кундуз билан туннинг оралиғида...

Ҳатто шамолнинг-да шашти сал тинди,
Ёлғоннинг қўйнига соя беркинди,
Ҳақдан юз бурганни жин-пинлар минди –
Кундуз билан туннинг оралиғида.

Дарвозалар қулфин тишлашиб олар,
Чироқлар бу дамда милтиллаб қолар,
Ўчоқлар оловни оғзига солар –
Кундуз билан туннинг оралиғида.

Минг йил яшаб эдим – бир кўргандайман,
Имкондан узлатга югургандайман,
Тош кўксим ўт ёқса, мен довдирайман –
Кундуз билан туннинг оралиғида...

Навоий шаҳри


ЧЕКМАСИН ОЗОР

Фарзанд халқим учун бебаҳо неъмат,
Қалбида йўқ унинг зарра адоват.
Кўзида қалқимас ҳеч қачон нафрат,
Жаннат райҳонлари бўлсин саломат!

Эй дўстлар, уларни асранг доимо,
Ахир, дунёда кўп ўғил-қизга зор.
Етимлар, болалар ҳақидан қўрқинг!
Уларни зор қилган хор бўлади, хор...

Ҳали она деган сўзни билмасдан,
Кўзларини ёшга тўлдириб қарар.
Ахир, қандай қилиб, буни кўрмасдан,
Инсофсиз кимсалар милтиқ ўқталар.

Мусулмон бўларми қотил, дилозор?
Мусулмон ҳеч кимга бермайди озор.
Бу оламда тинчлик бўлсин барқарор,
Жаннат райҳонлари чекмасин озор!

Моҳирахон АЛИШЕРЖОНОВА
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси