Ҳусниддин ЗУЛФОНОВ
 *  *  *
Асил зебои олам,
Хайру сахои олам,
Нури Худои олам,
Ё марҳабо, Муҳаммад.

Шафеи рўзи маҳшар,
Анбиёларга сарвар,
Шундай бизнинг Пайғамбар,
Дўсти Худо Муҳаммад.

Парвардигор ҳабиби,
Меърож этган насиби,
Умматнинг энг қариби,
Ё Мустафо, Муҳаммад.

Ҳақдан инган Қуръони,
Фарзу суннат аркони,
Қавмига берди они,
Ё Аҳмадо, Муҳаммад.

Содир бўлса қиёмат,
На бўлур ҳоли уммат,
Дейди чекиб риёзат
“Во уммато!” Муҳаммад.

Ҳамду саноға лойиқ,
Доим дуога лойиқ,
Улуғ таҳсинга лойиқ,
Кони сафо Муҳаммад.

 *  *  *
Мен бечора кимсамасман,
           мен – Муҳаммад уммати,
Сувда оққан хас эмасман,
           мен – Муҳаммад уммати.
Бахти динидан нурафшон
           мен – Муҳаммад уммати,
Кимлар учун мен ҳавасман,
           мен – Муҳаммад уммати.
Сўзин мезони – адолат,
              қилар фақат Ҳаққа тоат.
Худосизга дил ёрмасман,
           мен – Муҳаммад уммати.
Тавҳидин ким айтса мудом,
               шаҳодатни этса калом,
Алар билан ҳамнафасман,
           мен – Муҳаммад уммати.
Қалб қўридан чиқармасман,
            мен – Муҳаммад уммати.
(соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
Тайлоқ тумани

 

Комил АВАЗ
 

МЕНИ ШАЙДО ҚИЛАДУРҒОН...

Олам гулистон эрур оғриқ сезилмаганда,
Нафас ҳуристон эрур оғриқ сезилмаганда.
Баҳор кузим хуш эрур, ёқимлидур наволар,
Юраклар бўстон эрур оғриқ сезилмаганда.

Вужуди эрса соғлом, учгай қанотсиз ҳар ким,
Гўёйи мастон эрур оғриқ сезилмаганда.

Соғлиқ инояти Ҳақ, дунёи арз Уники –
Майдони мардон эрур оғриқ сезилмаганда.

Ишқ оғриғи бошқа дард, айрилма, Комил Аваз,
Олам дурафшон эрур оғриқ сезилмаганда.


Лутфий ғазалига мухаммас

Ҳушдин айро қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул,
Бордин жудо қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул,
Ғамни пайдо қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул,
Мени шайдо қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул,
Хору расво қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Бўлди ҳамдард, ҳамнафас ўзга ошиқлар учун,
Бераҳмдирким бизимдек кўзи ёшлиғлар учун,
Юзни ҳам сарғайтирадур бағри тошлиғлар учун,
Ўқдайин қоматимизни қора қошлиғлар учун
Муттасил ё қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Менда не имкон эрур, ман бандаи бир чорарас,
Ул париваш тингламас, қўймас қулоғин бир нафас,
Тўхтат, эй нолангни ҳофиз, тоқатим тоқ бўлди, бас,
Мени ёзғурма “севар” деб, ки менинг ҳаддим эмас,
Ул таманно қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Олибон бошни ёронлар, қайға эмди кетайин,
Бош уриб бормоқни, майли, тарки тавр этайин,
Сизга бул кун битта сирни ошкоро айтайин,
Борма дерлар эшики сори дамо-дам, нетайин,
Кўп тақозо қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Мушки бўйин истаюб маҳваш иқомат кўчада,
Дарбадарман сўрсангиз, ки айт деб ёшинг нечада,
Юзга киргандай бу соч оқарди ғамгин гўшада,
Қора мўйин ҳаваси бирла қоронғу кечада
Жонни савдо қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Кўзи боғлоқ ман гаранг кўнглимга этдим эҳтиром,
Билмадим не қасди бор кўкдин отарки, пастда дом,
Жон олур ҳар лаҳзада, бўлғайми бунча интиқом,
Душману дўст орасинда мени ғофилни мудом
Бе сару по қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

Англадим бир нарсани, Аллоҳ мени асрабди,
Йўқдурур, Комил Аваз, айро қадамлиғ рафти,
Айблидирсан сен ўзинг, лекин баланд кўнглинг тафти,
Ўзгадин кўрма, ки кўзунг ёшини, эй Лутфий,
Айни дарё қиладурғон бу кўнгулдир, бу кўнгул.

 

Мунис ғазалига мухаммас

Бир пари пайкар била келди боша мулоқот,
Дил кушойим бўлди кўп ғам, ташвиша мулоқот,
Гўёки бўлди сув, ўт ҳамиша мулоқот,
Ҳижрониға қилди бу вафопеша мулоқот,
Ул навҳки қилғай тош ила шиша мулоқот.

Деса фикри майлига жавҳар самин эмасдур,
Арзимиз орзу-ҳавасга тор замин эмасдур.
Қайтмағайман, қадримиз пастмас, ҳамин эмасдур,
Яхшию ёмон ҳодисадин эмин эмасдур,
Олтунга ўту тошқа қилур теша мулоқот.

Аё, кўрсанг ҳаё расмин, ҳаё пешин ўпарсен,
Тозиға бўлсангки эш, чангалзорда чопарсен,
Баджаҳллар улфатинг – хушфеъллини қопарсен,
Ҳар кўйга кирсанг анинг аҳлини топарсен,
Шер айлар агар бўлса еринг беша мулоқот.

Дилга мосдур ҳар давр, лафзи лутфу изҳори,
Фасли қиш файзли ажаб, қорли тоғлар виқори,
Бўлмағай сўзларда жон, йўқ эрса эътибори,
Наҳли тарабим ўйла қурибдурки, баҳори
Не барг чекар боши, на қилур реша мулоқот.

Олам ишиким ғалат, фикри ожиз ночорлар,
Баҳсу мунозарадин, Ҳақ илмидин қочарлар,
Комил Авазга ўгит, панд қопусин очарлар,
Мунис, гуҳари фикру каломимға сочарлар,
То қилди манга дилбари андиша мулоқот!

Урганч

 

Саидрасул ота СОАТОВ

СЎРАГАНИМ ХАЙРЛИ ДУО

Фарзанд деб яшадим,
Фарзанд деб ўтдим,
Фарзанд деб севиндим,
Ғам-алам ютдим...

Туну куним ўтди минг бир ташвишда,
Едиражак нону тузим ҳалол бўлди.
Ёмон кўздан асра Ўзинг, эй Худо,
Кечир, кўп нолидим, менда шундай ҳол бўлди...

Фарзандларим шўхликлардан бўшамас эди,
Танбеҳ берган ким бўлмасин, хушламас эди.
Вақти келар, омонатинг оларсан бир кун,
Фарзандларим оқил бўлсин, улғайсин дуркун.

Дариғ тутма, Сен уларга бахтин эт ато,
Фарзандларим хонадони неъматга тўлсин.
Улардан сўраганим фақат хайрли дуо,
Меҳру раҳмат уларга муборак бўлсин...

Тошкент

 

Жума СУЛАЙМОН
 
*  *  *
Бировга қилиб туҳмат,
Етказсанг зимдан заҳмат,
Билсанг-да мингта ҳикмат,
“Аллоҳ” деганинг ёлғон.

Ғийбатдан роҳат излаб,
Юрсанг ёлғонни сўзлаб,
Ҳар куни минг бор бўзлаб,
“Аллоҳ” деганинг ёлғон.

Лол қолдириб жаҳонни,
Эҳсон қилгин қўрғонни,
Ноҳақ оғритсанг жонни,
“Аллоҳ” деганинг ёлғон.

 *  *  *
Хуфя тиловатинг янгроқ хуш овоз –
Етти қат осмонга юксалар намоз,
Савобин ёзишга етмайди қоғоз,
Агар қалбда риё, кибр бўлмаса.

Бирга салавотлар айтиб фаришта,
Само ёрдам берар юмушда, ишда.
Кўнгилга уланар дилдаги ришта,
Агар қалбда риё, кибр бўлмаса.

 *  *  *
Яшайман, боғу роғ менинг маконим,
Боссам гар майсани, оғрийди жоним.
Шунданми, тиконни босгим келади,
Ёрилиб кетса ҳам икки товоним.

Лабим кулаверар, қалбим кулмайди,
Ёқамдан олади ҳар хил муаммо.
Тишларим тилимни тишлай олмайди,
Тилим тишларимни синдирар аммо...

 *  *  *
Бировнинг ҳақидан қўрқмаган банда,
Юз йил Худо десин, бўлар шарманда.
Хоҳ олим бўлсин у, хоҳи мансабдор,
Ҳақни таниб қолар – ёниб гулханда...

Бахмал тумани