Отам насиҳати – пок юргил, деган,
Сезсанг ғаламислик, олис тур, деган.
Йиллар ўтар, ўғлим, бу ҳикмат доим –
Йўлчи юлдуз каби сенга ёр, деган.

* * *
Ёлғон аралашса, барака қочар,
Фирибгар, олчоқлик уруғин сочар.
Бу иллат илдизи тез кесилмаса,
Муҳтожлик ва хорлик эшигин очар.

* * *
Дунёда содиқ дўст ўзингга – ўзинг,
Энг ёвуз душман ҳам ўзингга – ўзинг,
Чунки ҳар ҳолатинг холис ўйласанг,
Ҳар яхши-ёмонлик сабаби – ўзинг.

* * *
Ҳавасларга тўла нотавон кўнгил,
Кўпига эришдим, орзу яна мўл.
Бир оз таскин топиб ортимга боқсам,
Кўзимга кўринар яна саҳро – чўл.

* * *
Ҳар можаро, разолатга сабаб – тил,
Ёки шодлик, фароғатга сабаб – тил,
Унинг изни сендадир, ўйлаб сўзла,
Йўқса, келар маломатга сабаб – тил.

* * *
Дунёнинг ишлари эмаскан тугал,
Расул (с.а.в.) хушхулқ, зоти мукаммал.
Комиллик изласак, Аллоҳ фарзига,
Набий суннатига қилайлик амал!

Ҳамиджон ЙЎЛДОШЕВ,
Андижон вилояти, Хўжаобод тумани

 

* * *
Гўдакка ёмон сўз дейишдан уял,
Уриш, сўкиш, ноҳақ койишдан уял.
Топ-тоза қоғоздир унинг мисоли,
Ножўя сўз ёзиб қўйишдан уял.

* * *
Аё, эй сарсоним – ватангадоим,
Сен нописанд боқдинг Ватанга доим.
Ўзга юртда олтин деб изғисанг-да,
Топганинг мис чақа ва танга доим.

Абдусамад РАҲИМОВ,
Фарғона вилояти, Учкўприк тумани