Абдулаҳад қори Шаҳрихоний
Бўз тумани бош имом-хатиби
 
ЭЗГУ ҚАРОР, ЭЗГУ СЎЗ
2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
 
Ўттиз икки миллион ҳур ўзбек эли,
Нақадар чароғон танлаган йўли,
Янги ташаббусдан мунаввар дили,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Янги йилдан гўзал умидлар бисёр,
Қонун ижроси ҳам бўлур устувор,
Барча миллат, элат бир тан, бахтиёр,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Сайланган Президент ишончга дохил,
Элим деб, юртим деб тинчимас оқил,
Демак, бахтга уйғун биз борар соҳил,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Ёшларга иш ўрни, катта эътибор,
Янгича ёндашув, янгилик шиор,
Юксалиш суръати бўлур барқарор,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Янги раҳбар билан марралар баланд,
Меҳримиз то абад Ватанга пайванд,
Ҳаётий ислоҳот турмушга монанд,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
“Халқ қабулхонаси” очиқдир мудом,
Замон андозаси эрур бу тамом,
Муаммо ўрнида ҳалдир батамом,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Диний бағрикенглик бўлганда мезон,
Барча дин вакили дўсту қадрдон,
Бу юртда шарафли ҳазрати Инсон,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
Абдулаҳад йилнинг остонасида,
Оппоқ орзуларнинг кошонасида,
Иқбол ёғду сочар замонасида,
Инсон манфаати хос тамойили,
Ассалом, халқ билан мулоқот йили!
 
 
«Ислом ота» масжиди таърифида
 
Бир ҳукмдор бердинг, Яратган Эгам,
Каломи, қарори жонларга малҳам,
Ўзинг раҳматингга олдинг ушбу дам,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Олтиндан ёзилмиш ҳазрати “Ёсин”,
“Фотиҳа” сураси очмиш жилосин,
Тингланг юрагимнинг эзгу нидосин:
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Дуою фотиҳа аримас бунда,
Юртбошим руҳи шод этилур кунда,
Довруғи-шарафи рубъи маскунда,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Ҳайбату савлати таърифга ожиз,
Нақшу жилолари, таҳсинга жоиз,
Афсона рўёбга чиқди юз фоиз,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Абдулҳаким қори дуода ҳар он,
Тизимли, тартибли иш кетди равон,
Бир неча ойдаёқ битди жараён,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Очилишга келди эллар саф бўлиб,
Дуода, кўзлари ёшларга тўлиб,
Зеб очар юртимиз иқболи кулиб,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Осойиш замонда янгилик ҳар кун,
Раият адолат нуридан мамнун,
Пок дилингиз яна покламоқ учун,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Юртбошим руҳига кўрсатиб эъзоз,
Ёд этиб ўқингиз ҳақига намоз,
Йўлингизга меҳр бўлур пояндоз,
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
Абдулаҳад сўзлар дилида борин,
Ҳайрати безайди эзгу ашъорин,
Буюк халоскорнинг мунис ёдгори –
Дўстлар, “Ислом ота” масжидин кўринг!
 
 
Ҳамидқул КАРИМОВ, 
Сариосиё туманидаги “Эшони Афанди” жомеи имом ноиби
 
БИЗНИНГ ЎЛКА
Бу ўлкага назар қилди Парвардигор,
Хизр бобо ташриф этди такрор-такрор.
Ҳар қадамда илму ирфон зиёси бор,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
Бу ўлкада ҳумо қушнинг сояси бор,
Олимларин эзгу фикр-ғояси бор.
Тупроғида минг бир гиёҳ пояси бор,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
Бу ўлканинг бозорида кўз қамашар,
Алпомишдек кўкси қалқон мардлар яшар.
Дарёлари зилол сувли, тўлиб-тошар,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
Бу Ватанда тўртта фасл мужассамдир,
Фасллари ўзига хос бир оламдир.
Келган меҳмон яна кўриш орзусидир,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
Бу ўлкани асранг, дўстлар, қорачиғдек,
Жилолансин тоғлардаги лолагулдек.
Шукронасин қилиб юрсин ҳамма бирдек,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
Шу тупроқда тўкилгандир киндик қоним,
Уни қучиб ётибди-ку онажоним.
Яна қанча устозларим, меҳрибоним,
Эртаю кеч улуғларин дуоси бор.
 
ВАТАН
Ватанда яшнасин гуллар,
Кўпайсин хушхон булбуллар.
Камол топсин қиз-ўғиллар,
Шукр лозим бўлар ҳар он.
 
Ватандир олий бир неъмат,
Яшайсан унда беминнат.
Белингни боғла, қил хизмат,
Шукр лозим бўлар ҳар он.
 
Ватан неъматлари алвон,
Жаҳонда довруғи достон.
Бизу сизга азиз бўстон,
Шукр лозим бўлар ҳар он.
 
Ватанда барча халқлар шод,
Хавотир йўқ – кўнгил обод.
Қилур дўстлар муборакбод,
Шукр лозим бўлар ҳар он.
 
 
Зайниддин НУРУЛЛОҲ
 
ДУНЁ БЕБАҚО
Хатолар комида яшайди одам,
Сафолар домида яшайди одам.
Ўзин ўтга уриб, қаноти куйган
Митти парвонага ўхшайди одам.
 
Бугунги сафодан севинчинг – осмон,
Эртага жафодан дилинг пушаймон.
Бурун завқу шавқдан гар сармаст эрсанг,
Эрта – таҳликалар келар-ку аён.
 
Бугун дунё топдинг – шод ва мағрурсан,
Эрта гар йўқотсанг – ғамгин, маҳзунсан.
Ақлинг комил бўлсин ва қалбинг салим,
Шунда дунё ичра озод ва ҳурсан.
 
Наманган