Саломат НАЗАРОВА

МЕН АЛЛОҲДАН СЎРАЙВЕРАМАН

Бандасининг бергани бекор,
Миннат қилса, топарсан озор.
Тунда, тонгда – ҳар куни минг бор,
Мен Аллоҳдан сўрайвераман.

Жисмимга жон берган ҳам Ўзи,
Ризқу имкон берган ҳам Ўзи,
Ширин забон берган ҳам Ўзи,
Мен Аллоҳдан сўрайвераман.

Итоатда, ибодатда ҳам,
Хилват ё сайр-саёҳатда ҳам,
Азиз бошим бўлмасин деб ҳам,
Мен Аллоҳдан сўрайвераман.

БАРЧАМИЗ МЕҲМОН

Малол келмас менга ҳеч қачон,
Барча инсон бирдек тирик жон.
Яшаш асли гўзал бир имкон,
Бу дунёда барчамиз меҳмон.

Ғийбат қилмай бир-биримизни,
Фош этмасдан дил сиримизни,
Элтсак енгил-оғиримизни,
Бу дунёда барчамиз меҳмон.

Шафқат қилинг, дунё – шафқатсиз,
Қолсангиз ҳам оч ва овқатсиз,
Раҳм қилинг, ўтманг раҳматсиз,
Бу дунёда барчамиз меҳмон.

Чуст тумани Олмос қишлоғи