Абдулфаттоҳ ТЎХТАБОЙ ўғли
 
НУРИ ҲИДОЯТ КЕЛДИ
Оламларнинг Раббидан қутлуғ рисолат келди,
Икки дунё сарвари, фахри Муҳаммад келди.
Инсонларга  раҳнамо, йўлбошчи, маҳбуби Ҳақ,
Қуёш янглиғ балқиб ул нури ҳидоят келди.
 
Ҳаёю ҳалимликда, хулқда бир жаҳон бўлиб,
Ибодат, риёзатда, сабрда ҳар он бўлиб,
“Фақирлигим фахрим” деб, уммат ғамини ебон
“Ул Шофеъул музнибийн” оламга раҳмат келди.
 
Чин имонли мўминлар йиғлар бунда соғиниб,
Сиздан шафқат, Раббимдан турса раҳмат ёғилиб,
Ҳаёту мамотингиз бирдек еткурур нафъи,
Садқа бўлсин Сизга жон, қутлуғ шафоат келди.
 
Жаҳолат ботқоғига ботган эрди бу замин,
Тавҳид эмас, бутларга тўлган эрди бу замин,
Жаҳолат зулматидан нур бағрига элтди Ҳақ,
Икки дунё раҳмати – буюк саодат келди.
 
Барча уммат ичинда даражотда афзаллик, 
Набийларга гувоҳу тақвода энг акмаллик,
Меҳрибон Ҳақ неъматин тўлиқ этди бизларга,
Ўз наздинда мақбул дин – Исломдек неъмат келди.
 
Тунлари ибодатда “Умматим” деб йиғлаган,
Саждагоҳга бош қўйиб, гуноҳларни тилаган,
Ижобатли бир дуо олиб қолган умматга,
Уммат учун раҳмли меҳрибон Аҳмад келди.
 
Шукр эт Абдулфаттоҳ, аҳли Ислом этди Ҳақ,
Муҳаммадга уммату аҳли имон этди Ҳақ.
Бу неъматлар шукрига сажда қилгин чин дилдан,
Мўминлар жаннатий, деб Раббингдан оят келди.
 
 
*   *   *
 
Журму исёним етгай бўйласа осмонларга,
Тоғу тошлару ердан оғирдир мезонларга.
 
Бандаман, ожиздурман, елкамда шайтон илки,
Нафси аммораданким қочолмай ҳеч ёнларга.
 
Ерга қўйсам бир қадам, гуноҳлар залворидин –
Ёрилмасдан кўтарса қолурман ҳайронларга.
 
Самоларга ўрласа гуноҳларим қуюни,
Айланади бу замин туну зимистонларга.
 
Бўтана бўлур агар қалбим қаролиғидин
Ногоҳ бир қатра томса дарёлар, уммонларга.
 
Касофати шумлигим заҳридинким, во дариғ,
Етмасин деб қўрқаман бало ер, осмонларга.
 
Нетайким, маъсиятим ёлғиз Аллоҳга аён,
Урмасин касри гиёҳ, боғу ҳам бўстонларга.
 
Эй Раббим, ёғдирмагил мен – юзи қаро сабаб
Балою мусибатни башару ҳайвонларга.
 
Қаҳрингга олма мани, ғазабинг-ла тутмагил,
Илоҳий нуринг ёғдир, Раббим, биз томонларга.
 
Раббим, агар раҳматинг бўлмаса эрди, замин –
Айланур маъсиятдин ҳароба – вайронларга.
 
Юзимни қаро қилма ҳузурингда, эй Раббим,
Отамиз Одамдан, то энг сўнгги инсонларга.
 
Рушди ҳидоят бериб, раҳм қил мен осийга,
Тавбаларим қабул қил, қолдим пушаймонларга.
 
Қалбинг покла Аллоҳни ёд этиб, Абдулфаттоҳ,
Муносиб бўлиб яша сен ҳам мусулмонларга.
 
Бешариқ туманидаги "Фирдавс" жоме масжиди имом ноиби
 
 
 
 
Аъзамжон МУҲИТДИНОВ
 
ҚАТРАЛАР
*  *  *
Тилагим – ҳидоят қилсин деб Аллоҳ,
Саждага бошини қўяр бу гадо.
*  *  *
Баҳордан файз келар оламга латиф,
Бемор дардларига дармон каби тиб.
*  *  *
Умидим – дастимга карамингни бер,
Жаннатга киритиб, кўкрагимни кер.
*  *  *
Мартаба ахтариб юрдим олдинда,
Ҳаммадан паст бўлдим элнинг ортинда.
*  *  *
Ҳар намоз бўлса гар элга намойиш,
Кўнгилда бўлурми зарра осойиш.
*  *  *
Содиқ дўст билинар ёмон кунингда,
Ҳамтовоқ топилар ошу нонингда.
*  *  *
Юксакка интилган қушдадир қанот,
У олган маррага етолмайди от.
*  *  *
Дарёдан ўтгали этигингни еч,
Меҳнатсиз мевани еб бўлмайди ҳеч.
*  *  *
Бу жаҳон одамга мулк бўлмас асло,
Нафсингни жиловлаб олганинг аъло.
*  *  *
Одамлик рутбасин учирма елга,
Топганинг қолдирма, сочиб кет элга.
 
Риштон тумани
 
 
Мурсалхон ОБИДОВ
 
ТЎРТЛИКЛАР
Осмон – заминга ёпилган чодир,
Чодирда турфа хил қандиллар бордир.
Ҳазрати инсоннинг шаъну шуурига
Еру осмонни яратди Қодир...
*  *  *
Инсонлар бўлдилар шу ишга амин:
Яхшиликлар тўлдирур заминнинг камин.
Норасида гўдак пок туйғусидан –
Айланиб турибди курраи замин...
*  *  *
Инсон турфа хил юмушлар этмиш,
У ён-бу ён боққунча ёши ҳам ўтмиш.
Сафар халта тўлами, бўшми ё қуруқ,
Боболар юртига сафарга кетмиш...
*  *  *
Эртанинг эгаси – бугунги толиб,
Илму фан кимдадур, ўшадур ғолиб.
Еру осмон, асли, катта бир китоб,
Ғолиблик истасанг, ўқигин олиб!
*  *  *
Туркийлар қушининг сайроғин топдим,
Навоий қаламин қайроғин топдим.
Мустақиллик йўқотганни топмоқдир,
Аждодлар билимин байроғин топдим.
 
Касби тумани
 
Аъзам РАЖАБОВ
 
ЯХШИ НИЯТ
Ҳамиша юзи ёруғ,
Кўнгли ғашликдан фориғ,
Йўллари бўлмас боғлиқ
Яхши ният қилганнинг.
 
Орзуси армон бўлмас,
Баҳоси арзон бўлмас,
Номи ҳеч ёмон бўлмас
Яхши ният қилганнинг.
 
Баракали савдоси,
Хуш ўтгай қишу ёзи,
Ижобатдир дуоси
Яхши ният қилганнинг.
 
Қадамлари унгайдир,
Бахт-иқболи кулгайдир,
Аллоҳ Ўзи қўллайди
Яхши ният қилганни.
 
Ишонч
 
Юрар йўлингда сабот
Шукр билан сабрдир.
Мўминга икки қанот
Шукр билан сабрдир.
 
Умр йўли гоҳи боғ,
Гоҳида чўл, гоҳи тоғ,
Бунда энг яхши ҳамроҳ
Шукр билан сабрдир.
 
Дунёда давлатимиз,
Маҳшарда сарватимиз,
Бандаликда бахтимиз
Шукр билан сабрдир.
 
Неъматларнинг дарёси,
Мусибатлар давоси,
Аъзам, умринг асоси
Шукр билан сабрдир.
 
Марғилон