Икки олам раҳмати-ла бўлса нуқсонингни ёп,
Чек риёзат ишқ йўлида, ўтгучи шонингни ёп.
 
Ҳар не ошкор, зоғ-зағанлар қўймагай нафс комидин,
Қарға-қузғун солмасин чанг, ризқу хирмонингни ёп.
 
Қилма ошкор бадгумонлар ичра сен ҳолинг аён,
Бузғучи ағёр кўзидан хайри эҳсонингни ёп.
 
Айла пинҳон Ёр йўлида не савоб қилсанг агар,
Макри шайтон ичра қилган фисқу исёнингни ёп.
 
Пулсиротдин ўтмагунча йиғлагил, Ҳақдан сўра,
Сохта обрў ҳам омонат ичра хандонингни ёп.
 
Иқтидо қил Ёрга ҳар дам бу жаҳон бўстонида,
Бовафо жонинг ароким бевафо онингни ёп.
 
Бандалик расмида тургил, Маҳмудо, дунё аро,
Жилваланган ул матодан икки мастонингни ёп.
* * *
Топмагай ҳеч ким фароғат бўлса меҳнатдин йироқ,
Ҳам муродига етолмас, бўлса заҳматдин йироқ.
 
Гар чумолича эмасдур шиддати олам аро,
Ҳеч иши битмас, агарким, бўлса қувватдин йироқ.
 
Ҳар киши ёшликда топса эътибор бўлгай азиз,
Умри ўтгай беқадр, ким бўлса ҳурматдин йироқ.
 
Бил, ният бирлан фақат ошмас амалга ҳеч бир иш,
Учрагай ҳар дам тўсиққа, бўлса журъатдин йироқ.
 
Нокасу ножинс қаторига қўшилгай билмайин,
Яхшилардин қочса кимки, бўлса хизматдин йироқ.
 
Илму шаҳд бирлан фақат инсон ўзин кашф этмади,
Меҳнатидин топмагай файз, бўлса ҳикматдин йироқ.
 
Жон чекиб, Маҳмуд, бу кун ҳар касга беҳуд айтма сўз,
Ким ёзуғда бўлса ул гар, файзу неъматдин йироқ.
* * *
Сани коринг мани, эй ёр, асиру мубтало айлаш,
Асирлиғ ичра ҳам борим ўзингни муддао айлаш.
 
Тағофул бирлаким баттар этарсан, ёр, бу ҳолимни,
Ки сезмаслик мақомида яна кўнглим яро айлаш.
 
Кўрармен деб неча ой, йил йўлингда интизор эрдим,
Жамолинг партавин сочмай ҳануз коринг жафо айлаш.
 
Муҳаббат занжирин боғлаш эрур касби мудом сенга,
Ва лек ишқ риштасин тутмай менга такрор жафо айлаш.
 
Тутиб ёр илкини қанча ки дўсти бовафо ўтди,
Менинг ҳам матлабим сенга ики олам вафо айлаш.
 
Гуноҳ беҳадлигидин, ёр, сенга етмак маҳол менга,
Ва лекин қанчалар қўрқсам, ки ондин кўп ражо айлаш.
 
Тиғи ҳажринг бу жисми нотавоним айламиш мажруҳ,
Ки Маҳмуд дардига ёлғиз ўзингдандур шифо айлаш.
 
 
Исмоил Маҳмуд МАРҒИЛОНИЙ

Марғилон шаҳри