Тўрт унсурнинг бириман, 
Ўйнаб-қайнаб оқаман, 
Замин қаъридан чиқиб, 
Мен қуёшга боқаман.
 
Қуёш ҳам менга боқиб, 
Куч беради заминга, 
Иккисидан куч олиб, 
Йўл очаман ўзимга, 
 
Ҳеч нарса писанд эмас, 
Денгиз сари оқаман, 
Чўпу-хас ғов бўлолмас, 
Олдинга тик боқаман.
 
Қирғоқлардан ҳам тошиб, 
Ҳар томонга оқаман, 
Кучимга куч қўшилиб, 
Даҳшат солгум ҳар томон.
 
Буни кўриб қуёш ҳам 
Тартибга солди мени, 
Мавжларим ҳам камайиб, 
Сокин топди устим ҳам.
 
Оқиб-оқиб бир замон 
Денгизга дуч келаман, 
Ҳайбатини кўриб мен 
У томон интиламан.
 
Қирғоқларим тўхтади,
Мен ҳамон интиламан,
Менга бағрини очди,
Денгизга қўшиламан.
 
Кўнгил ором олди-ку, 
Дилим сокин топди-ку, 
Ичимдаги қувватим 
Тандан чиқиб кетди-ку.
 
Бу лаззатнинг қай бирин 
Мен айтайин сизларга, 
Ўзлигимдан кечиб мен, 
Ўзлигимни англадим.
 
Булоқ суви қатрадир,
Денгиз улкан томчидир.
Еру замин барчаси
Бир нуқтадан иборат.
 
Аъзамхон
Тошкент шаҳри