Ўзингга ҳамд, тавалло,
Биру Бор, Раббим Аллоҳ,
Даргоҳингда тенг эрур
Фосиқ, порсо, шоҳ, гадо.
 
Жаҳоннинг эгасисан,
Ҳозирсану нозирисан,
Ҳодийи иноятсан,
Тавфиқу ҳидоятсан.
 
Борлигингга иқрорман,
Бирлигингга иқрорман,
Меҳрибон ва раҳмли,
Сирлигингга иқрорман.
 
Имондан жудо қилма,
Виждондан жудо қилма,
Номусдан жудо қилма,
Ибодатни буюргин.
 
Шайтанат вос-восидан,
Нафс аждаҳосидан,
Паноҳ бер балосидан,
Ибодатни буюргин.
 
Ҳақ йўлидан тойдирма,
Маъсиятда куйдирма,
Юзимни тийра қилма,
Ибодатни буюргин.
 
Залолатдан асрагин,
Разолатдан асрагин,
Қабоҳатдан асрагин,
Ибодатни буюргин.
 
Охиратни ўйлатгин,
Ғофилликдан уйғотгин,
Қиёматни англатгин,
Ибодатни буюргин.
 
Чоршанби НАБИЕВ
Касби тумани