Алишер НАВОИЙ
 
Ҳаббазо, ишқки кирёси фазосидур анинг
 

Демагил кўйини беному нишонларға малоз 
Ким, эрур тождеҳу мулкситонларға малоз.
Очсалар лаъли майи шавқи била майхона, 
Соҳати бўлғай алам дафъиға жонларға малоз.
Эл ёғиндин панаҳ истар киби кўюнг ёди 
Водийи фурқат аро ашкфишонларға малоз.
Дайр пири қулидурменким, анинг даргоҳи 
Яхшиларға паноҳ ўлдию ёмонларға малоз.
Ҳаббазо, ишқки кирёси фазосидур анинг 
Барча беманзилу маъвову маконларға малоз.
Кир фано мулкига фориғки, эрур ул кишвар 
Оҳи сўзонлар ила ашки равонларға малоз.
Шоҳи Ғозий эшигин Тенгри басе тутсунким, 
Нотавонларға паноҳ ўлдию хонларға малоз. 
 
Луғат
 
1. Кўй – катта йўл; кўча, маҳалла; маж.: Ёр манзили.
2. Малоз –муқаддас даргоҳ; бошпана.
3. Тождеҳ – шоҳлар шоҳи, подшоҳларга тож бағишловчи.
4. Мулкситон – жаҳонгир.
5. Соҳат – майдон, саҳн.
6. Фурқат – жудолик, фироқ.
7. Ашкфишон – кўз ёши тўкувчи.
8. Дайр пири – зардуштийлик дини пешвоси; майхона эгаси; маж.: комил инсон.
9. Ҳаббазо – қандай яхши! Офарин! – маъносидаги нидо.
10. Кирёс – остона, уйнинг кириш жойи.
11. Фориғ – хотиржам.
12. Маъво – маскан, яшаш жойи.
13. Кишвар – ўлка, мамлакат.
14. Сўзон – ёндирувчи, ўтли.
15. Ашки равон – кўз ёши оқиб турувчи кимса.
16. Шоҳи Ғозий – Султон Ҳусайн Бойқаронинг лақаби.
17. Нотавон – бечора.
 
Ғазалнинг вазни
 
Фоъилотун фаъилотун фаъилотун фаъилон
Рамали мусаммани махбуни мақсур
 
Байтларнинг насрий баёни
 
1. Ёрнинг кўйини ном-нишонсиз, бечора кишиларга бошпана дема, унинг кўйи шоҳларга тож бағишловчи ва етти иқлимни ўз тасарруфига олган муқтадир зотларнинг маконидир.
2. Унинг лаълдек жилоланиб турувчи майининг шавқида агар майхона эшигини очсалар, бу майхонанинг саҳни ғам-аламни кеткизувчи бошпанага айланади.
3. Одамлар ёмғирдан паноҳ истагани каби, ҳижрон водийсида кўзёш тўкувчиларга сенинг кўйинг ёди паноҳгоҳга айланар.
4. Мен дайр пирининг қулиман, негаки унинг даргоҳи яхшиларга ҳам, ёмонларга ҳам бошпанадир.
5. Муҳаббатга офаринлар бўлсин, унинг остонаси барча манзилсиз, уй-жойсиз ва беватанларга бошпана бўлди.
6. Фано мулкига барча ташвишлардан фориғ бўлиб, хотиржам кир, негаки бу диёр кўнглидан ўтли оҳлар чиқарувчи ҳамда кўз ёши тинмас ошиқларга бошпанадир.
7. Шоҳ Ҳусайн Бойқаронинг даргоҳини Аллоҳнинг ўзи асрасин, негаки бу даргоҳ бечора-нотавон кишиларга паноҳ манзили, хонларнинг бошпанасидир.
 
Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти
 
Хазон билмас “Гулистон”да келтирилишича, Шайх Саъдий Шерозий Димишқ жоме масжидида эътикофда ўтирган вақтда ҳукмдорлардан бири у кишининг зиёратига келиб, айтади:
 
– Кучли бир душман мамлакатимга хавф солмоқда, менга тўғри йўл кўрсатинг.
 
Шайх Саъдий буюрадилар:
 
– Бечора раиятингга меҳрибон бўлсанг, кучли душманларингдан қутуласан.
 
Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати, унинг осойишталиги ва барқарорлиги унда адолат тамойилига оғишмай амал қилинишига чамбарчас боғлиқ. Акс ҳолда, мазлумларнинг оҳи ҳар қандай мустабид подшоҳнинг салтанатини қулатиши муқаррар. Ҳақ йўлидаги беному нишонлар – дуоси мустажоб бўлувчи дарвешлар ўз моҳиятига кўра, султонларга тож берувчи, жаҳонгирларга нусрат бағишловчи зотлар ҳисобланади. Аллоҳ таоло энг аввало бечоралар ва мискинларга раҳмат назари билан қараши уларни “тождеҳу мулкситон” қилиши табиий. Байтнинг иккинчи маъноси бевосита тасаввуфнинг маслагига боғлиқ. Негаки, илоҳий даргоҳга восил бўлганлар – ўз эҳтиёжини фақат Аллоҳдан сўраб, ундангина мадад сўрайдиганлар аслида маъно оламининг подшоҳи, кўнгиллар мулкининг соҳибқиронидирлар. Навоий шон-шуҳратга интилмаган, бандасига арзи эҳтиёж этмаган, ўзининг ожиз банда эканлигини жондан ҳис этганларнинг мақомини юксак баҳолаб, уларни ҳақиқий обрў-эътибор ва иззат соҳиби сифатида таърифлайди.
 
Иккинчи байтдаги “май” ва “майхона” ҳам ирфоний талқинни талаб қилади. “Май”дан мурод – илоҳий маърифат, ишқ ғалабаси; “майхона” комилликка эришган орифнинг кўнглини англатади. Шунингдек, Ҳақиқий Маҳбуб ишқига гирифтор, илоҳий бодадан сархуш, кўнгли пок ва мусаффо бўлган зотларнинг Висол йўлидаги биргаликдаги жонбозликлари ҳам майхона истилоҳи орқали ифодаланади. Демак, илоҳий маърифат толиблари агар ишқ талабида Пири комил кўнглида мавж ураётган маърифат майхонасига қадам қўйсалар, табиийки, руҳий хотиржамлик, қалб сакинатига муяссар бўладилар.
 
Ёмғир – Аллоҳнинг раҳмати, табиатнинг неъмати. Аммо одамлар ана шу раҳматдан кўпинча қочиб, бошпана излайдилар. Ҳижрон водийсида кўзидан ёмғирдек ашк тўкувчилар учун Ёри азал кўйининг ёди ана шундай бошпана бўлади. Ҳолбуки, уларнинг кўз ёши ёмғири ҳам Аллоҳнинг инояти. Ҳақ ёдида, Ҳақ фироқида кўз ёши тўкишнинг ўзи – илоҳий раҳмат нишона бўлатуриб, энг меҳрибон ва раҳмли Зот ҳузурига мушарраф бўлиш учун бир босқич...
 
Навоий яшаган даврда Ҳирот шаҳрида дайр – мажусийларнинг ибодатгоҳи мавжуд бўлмаган. Бу тушунча унинг шеъриятида мажоз йўсинида комил инсон, муршид, пир маъносида қўлланилади. Зардуштийлик динида дайр пири – мўбад (мағупат)нинг вазифаси – муқаддас оловнинг бир маромда ёнишини таъминлаш ҳамда зиёратчилар учун муқаддас саналган махсус шароб тайёрлаш ва тақсимлаш бўлган. Ирфоний маънода эса, пир – шайх ўз муридининг қалбида ёнаётган Ишқ олови бир зайлда ёниб туришини назорат қилиб, уларнинг қалбини илоҳий маърифат шароби билан сармаст этади. Шу сабабдан, бундай зотнинг даргоҳи яхшиларга ҳам, ёмонларга ҳам бошпана бўлади.
 
Ғазалнинг бошидан ном-нишонсизлар, мискин ва бечоралар, май шавқида ёнаётган толиблар, ҳижрон водийсида кўз ёши тўкувчилар, яхшилар ва ёмонларга бирдек бошпана бўлаётган маскан (Ёр кўйи, майхона, дайр пирининг даргоҳи) энди ўз номи билан аталади. Бундай одамларнинг макону маъвоси – Ишқ остонаси. Айнан Ишқ фазоси дунёвий истак ва хоҳишлар занжиридан қутулган мажнуншева кишилар учун нажот остонаси бўлади. Аммо бу остона фано бўлишликни талаб қилади. Фано водийсига киришнинг биринчи шарти – фориғ бўлишдир. Фароғат – ички ҳурликка эришган, Ишқ занжиридан бошқа бирор кишанга банди бўлмаган кимсаларга насиб этади. Бундай кишиларнинг оҳи фалакни ўртаб, тўккан ашки саҳрони дарёга айлантиришга қодир. Буюк Ишққа мубтало кишиларнинг Дарди ҳам шунга яраша оламсўз бўлади. Навоий Оламнинг ҳақиқий Подшоҳининг даргоҳи ва бу даргоҳга паноҳ истаб борганларни турли образлар ва истилоҳлар билан васф этганидан сўнг зоҳир оламининг шоҳи – Султон Ҳусайн Бойқаронинг саройи ҳақида мақтаъда сўз юритади. Султон Ҳусайннинг даргоҳи ҳам мискинларга бошпана, подшоҳларга нажот остонаси. Шу сабабдан, бу даргоҳ ҳам обод ва маъмур бўлишини Навоий чин кўнгилдан истайди.
 
Олимжон Давлатов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
 
Манба:  http://uza.uz