Равшан ИСОҚОВ

 

Ватан

Боғлардан келиб турса жаннат иси,

Оғзингизда эриб оқса нашватиси.

Қалбингизни тарк қилмаса ёшлик ҳисси,

Бундан ўзга яна қандай Ватан керак?

 

Минг бир дардга даво бўлса гиёҳлари,

Япроқ ёзса ерга суққан таёқлари.

Аримаса қучоғидан сайёҳлари,

Бундан ўзга яна қандай Ватан керак?

 

Хумор қилса бийдай чўлу саҳролари,

Бошдан кетмай сузса ою зуҳролари.

Довруғ солса дунёларга даҳолари,

Бундан ўзга яна қандай Ватан керак?

 

Бу юрт асли улги бўлган жаннатларга,

Айтган сўзи тўла маъно, ҳикматларга,

Бағрин очган юзлаб элат-миллатларга,

Бундан ўзга яна қандай Ватан керак?

 

Улуғ Рамазон

Гуноҳу савобдан кўтардик хирмон,

Елписак, ажралар буғдойдан сомон,

Асли одам айнир, жойида замон,

Бугун юз кўришдик, шукр, соғ-омон.

Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

 

Кимларни безади яхши аъмоли,

Кимларни қутиртди бойлиги, моли.

Инсон қайдан билар не кечар ҳоли.

Умримиз чирпирак сарғайган ҳазон,

Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

 

Кўзинг оч, эй ғофил, дамлар ғанимат,

Инсон яралганинг олий бир неъмат.

Оҳлар уриб қолма, охир қиёмат.

Ойларнинг улуғи берилган макон –

Хуш келдинг, юртимга, улуғ Рамазон.

 

Дунё дун чархпалак, қайнаган бозор,

Турган ҳар жойимиз саждагоҳ, мозор.

Мўмин бўл-у, асло бўлма дилозор.

Тилимда калима, қалбимда имон,

Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

 

Тўртликлар

* * *

Эгам, номинг зикр қилганим учун шукр,

Сани таниганим, севганим учун шукр.

Онгли мавжудотман, азиз қилиб яратдинг,

Қудратингдан ўйга толганим учун шукр.

 

* * *

Ҳаётим ҳақида ўйласам бундоқ:

Ўз йўлимга ўзим қўйибман тузоқ.

Аллоҳ, кеч бўлса-да, очилди кўзим,

Тавба қилиб олай, умр бер узоқ.

* * *

Бандамиз, ўзни бир осмон туйибмиз,

Бўлар бўлмасга ҳам ёниб-куйибмиз.

Савобу гуноҳнинг фарқига бормай,

Ҳою ҳавасларга кўнгил қўйибмиз.

 

* * *

Ёмонлик, яхшилик ёнма-ён яшар,

Баъзида шум ният ҳаддидан ошар.

Қалбимиз имонга йўғрилган куни

Оламда ёруғлик, бахт тўлиб-тошар.

 

Бектемир тумани

“Алибек” жоме масжиди