Абдураҳмон (Ренис) МЕШАЯН

 

Юрагингга жойла имонни

Дам ғанимат, ғанимат шу пайт –

Гумроҳликдан кеч, инсофга қайт.

Ҳар бир эзгу иш бошинда айт:

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

 

Юрагингга жойла имонни,

Ерга ишқаб бурнин шайтоннинг,

Айтгин сўзлар ичра султонни:

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

 

Ўн саккиз минг оламдан гўзал,

Номи мингта жаннатдан афзал,

Имон бутун шундан, айт ҳар гал

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

 

Ким қилмаса имонни ўгай

Бир кун жаннат мевасин егай.

Шундай дея дардимни енгай:

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

 

Аршга учиб кетди бир ҳовуч дуо

Умиди йўқ одам – илдизсиз дарахт,

Кўкаролмай хуноб, гуллолмай карахт.

Эй инсон, умид қил, насиб этгай бахт,

Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

 

Баҳор қайтиб келар, эрийди қорлар,

Бойчечаклар кулиб, қуёш ҳам порлар,

Тўкилгай пойингга кузда анорлар,

Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

 

Ихлос билан қилсанг ибодатингни

Топажаксан ҳузур-ҳаловатингни.

Тўхтатсанг нолишу шикоятингни,

Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

 

Кимларнидир қилмиш иблис васваса,

Кимнидир чулғаган қайғу, талваса.

Баридан қутулгунг Худо хоҳласа,

Эртага бугундан яхшироқ бўлар.

 

Сўра: туҳфа қилар, олийдир Худо,

Сахийдир, айлайди бахт-омад ато,

Аршга учиб кетди бир ҳовуч дуо,

Эртага бугундан яхшироқ бўлар.