Фозил ЗОҲИД

 

 

Огаҳий ғазали

 

Эй қадимий юртим, кўрсат бўй бугун,

Кўнгилни оч, ғам-ғуссани қўй бугун,

Шеър байрами, куй байрами, тўй бугун,

Элим санъат диёридир азалий,

Янгра, мавжлан, Огаҳийнинг ғазали!

 

Назми ила обод ишқнинг гулзори,

Ҳар байтидир ошиқларнинг тумори,

Эй хонанда, қани, бошла “Сувора”,

Қўшиқ тинглаб, хуморимиз ёзали,

Янгра, мавжлан, Огаҳийнинг ғазали!

 

Эрк қуёши балқди нурга зор элда,

Яхши ният, ҳиммат дилга ёр элда,

Шоир азиз, чин мухлислар бор элда,

Назму наво базмин бу дам дузали,

Янгра, мавжлан, Огаҳийнинг ғазали!

 

Ўтди йиллар, мазлум, дилхун Хоразм,

Эрк шамоли эсди бугун, Хоразм,

Келди замон, яшна гулгун, Хоразм,

Юринг, Қиёт боғларини газали,

Янгра, мавжлан, Огаҳийнинг ғазали!

 

Мироб шоир сўрар: Жайҳун, ҳол қалай?

Тўлиб тошиб, тўлқин отсанг не бўлғай?

Фозилнинг боғида гуллар очилғай,

Орол тошса, балиқ бўлиб сузали,

Янгра, мавжлан, Огаҳийнинг ғазали!

 

 

Кексалар

 

Тўғри йўлнинг чароғбони кексалар,

Насиҳат ганжининг кони кексалар.

Омон бўлсин ҳумо қўнган бошлари.

Қутлуғ хонадоннинг хони кексалар.

 

 

Танбеҳ

 

Чалғитиб, кўзларни алдар, сеҳрга ишонма,

Меҳр ўрни – дил, тилдаги меҳрга ишонма.

Очиб идрок кўзини, ботинга назар қилгин,

Кўрку сурат алдар сени, зоҳирга ишонма.

 

 

Удум

 

Етим-есирни доим ҳимоя қил,

Меҳр-шафқатни бошида соя қил.

Бу бобда янгилик кашфи шарт эмас,

Миллатинг удумига риоя қил.

 

 

Марҳабо, меҳмон

 

Эшик қоқилди дард захми ошган он,

Чақирдим, ким бўлса ҳам келсин дебон.

Гар ўлим элчиси – Даргоҳдан, меҳмон,

Жонни дариғ тутсам, мен нечук мезбон?

 

 

Эътироф

 

Меҳмонда узоқ туриб, қарзим талай,

Узишга муҳлат берилди ҳарқалай.

Уйга қайтар вақт яқин, зоди роҳ оз,

Тўғриси, йўлга ҳали эмасман шай...

 

 

Уйғоқ қалб жавоби

 

Сўрдим: Эй, қалб, нур олдинг қай офтобдан?

Деди: Бу шуъла зиёбахш Китобдан.

– Мен ғафлатда, айт, сени ким уйғотди?

– Уйғондик ҳақ Китоб қилган хитобдан.

 

 

Аччиқ бўлса ҳам...

 

Айбу хатони юзга айтмоқ лозим,

Аччиқ бўлса ҳам у шифои азим.

Танқидки, талх, нордон мевага ўхшар,

Бу мева – дафъи иллат, қила бил ҳазм.

 

 

Дард – устоз

 

Эй дил, рози бўлгин берган дардидан,

Берди сабоқ одамийлик дарсидан.

Дард – устоз, шукру сабрга ўргатиб,

Поклади қалбни занг-ғубор гардидан.

 

 

“Юк”

 

Бўйинга минмакдир гўдаклар иши,

Муқаррар сўнг ўзи юриб кетиши.

Бўйиндан тушмаса каттайганда ҳам,

Бу “юк”ни тортишга ожиздир киши.

 

 

Кибр

 

Агар ким беайбликни қилса даъво,

Демак, унда ғолибдир кибру ҳаво.

Бу шайтоний феълин қилмаса ислоҳ,

Ўзига у зулмни кўрмишдир раво.

 

 

Тугун

 

Кеча уришганлар ярашди бугун,

Дўстликнинг узилган риштаси бутун.

Аммо аввалгига ўхшамас ришта,

Уланган жойида қолди бир тугун...

 

Урганч