Омонуллоҳ МУТАЛ

 

Ҳикматли дунё

 

Ақлдан озми-кўп барчага берган,

Ўзгага насиҳат қилмай қўяқол.

Ҳаётда ким ўгит, ким ўтин терган,

Яхшиси, улардан ўзинг ўрнак ол.

 

Самарасиз кетмайди ҳар бир ҳаракат,

Ҳикматсиз бўлмайди қилинган ҳар иш.

Қайда бўлсин кузги унум, баракот

Қаҳратон бўлмаса, қорсиз ўтса қиш.

 

 

Тош хўрсинди

 

Тик чўққидан учган қора тош,

Қояларга келиб урилди.

Гўё пўла бўлди ожиз бош,

Пастликларда аста сурилди.

 

Гўзал ҳолат – бағри кенг замин

Оналардек қаршилаб олди.

Тош хўрсинди, сийнага етган

Гўдак каби жим бўлиб қолди.

 

 

Ризқинг бўлсин бус-бутун

 

Хирмонингга сиғмасин дон-дун,

Тегирмонинг тинмай тортсин ун,

Аримасин мўрингдан тутун,

Элим, ризқинг бўлсин бус-бутун.

 

Супранг қозиқ кўрмасин, ҳар он

Эшик очиқ, тўкин дастурхон.

Узилмасин уйингдан меҳмон,

Элим, ризқинг бўлсин бус-бутун.

 

Бойлигингга кўз тиккан талай,

Қўйиб берсанг кетарлар талай,

Боринг олиб, этарлар малай,

Элим, ризқинг бўлсин бус-бутун.

 

Бошдан ўтди не оғир тунлар,

Дала-даштда кезди қузғунлар,

Ортда қолди машъум ул кунлар,

Элим, ризқинг бўлсин бус-бутун.

 

Ўтган кунинг унутма бир дам,

Қўлни қўлга бериб қўй қадам,

Аҳил юртни қўллагай Эгам,

Элим, ризқинг бўлсин бус-бутун.

 

 

Туюқлар

 

* * *

Қалбингни эзгулик ишларга унда,

Ёмонликдан асар қолмасин унда.

Буғдой бўл офтоб нурлари чайган,

Беғубор оқлигинг акс этсин унда.

* * *

Сиҳат тилар бўлсанг югур эрталаб,

Дакки эшитмасдан ёпгин эрта лаб.

Оила мустаҳкам бўлмоғи учун,

Ўзидан ҳам тартиб этсин эр талаб.

* * *

Тушмасин десанг гар аҳволим тангга,

Енгил, қинғир йўлда топмагин танга.

Меҳнатинг маҳсули миннатсиз бўлар,

Бировдан олганинг сингмагай танга.

* * *

Вафодор ёрингга бор-будингни тик,

Уялиб қизарар, унга боқма тик.

Вақти келиб юзинг куйдирса офтоб,

Соя солар ёринг, қаддин тутиб тик.

* * *

Текислаб юр йўлинг, бўлмасин ўра,

Гап-сўзингни қанд қил, меҳрга ўра.

Чирмовиқ босмасин боғда гулларинг,

Чарчама бегона ўтларни ўра.

 

 

Тўртликлар

 

* * *

Нафсини тийганнинг толеи баланд,

Ҳаловат топади, эрки бўлмас банд.

Сабру қаноатнинг меваси ширин,

Ғўраси ғарқ пишиб, бўлар асал-қанд.

* * *

Йиқитганмас, тиклаганни дерлар алп,

Эъзоз топар эзгуликда урган қалб.

Топай десанг эл ичида эътибор

Ёмон гапни айтмоққа ҳеч очма лаб.

* * *

Қаноти йўқ, аммо учар одам боласи,

Шукр қилмас, кези келса тинмас ноласи.

Ўзгаларга иззат-икром мавқега қараб,

Ночор бўлса, бегонадир амма, холаси.

* * *

Овора бўлмагин ясатиб қафас,

Булбул боқаман деб қилмагин ҳавас.

Қушчага раҳм қил, сайрашдан қолар

Тутқунликда олса бир марта нафас.

 

Тошкент