Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

 

БОРАМАН

 

Имкон бер, узилай қарзлардан

Қутулай ғавғолар, дардлардан.

Лутфинг-ла кўмилиб фарзларга,

Суннатни суйдириб бораман.

 

Ўзимни ахтариб ўзимдан,

Кўролсам қатра нур юзимда.

Жолалар тинмайин кўзимдан –

Гуноҳим куйдириб бораман.

 

Енголмай қийналдим лаъинни –

Кўрмадим унингдек хоинни.

Қай бир кун ўлмоғим тайин-ку!?.

Нафсни бўйсундириб бораман.

 

“Ўзингдан келгандим, Ўзингга”,

Кирсам ҳар буйруғинг, сўзингга.

Қайтмоғим ҳақ эрур изимга –

Қалбимни кўндириб бораман.

 

Бўлолмам Жаннатнинг райҳони,

Очилса, Жаннатинг Раййони!..

Рўзадор, тавбакор дилим-ла

Кибрни ўлдириб бораман.

 

Орзую армонни боғлатиб,

Шум нафсни тавбада доғлатиб,

Ҳавои нафсимни йиғлатиб,

Кўнглимни кулдириб бораман.

 

Ҳеч вақо йўқ эрур қўлимда,

Имону калима тилимда.

Фитналар ин қурган дилимга

МУҲАББАТ тўлдириб бораман...

 

САМАРҚАНД БИЛАН ҚУЁШ

 

Самарқанд билан қуёш

Азалий ошна экан.

Бир-бирини кўрмаса,

Меҳрига ташна экан.

Қуёш тонгда чиқаркан,

Самарқандни сўроқлаб.

Самарқанд ҳам тураркан

Бобо қуёшни йўқлаб.

Самарқанд қучоғида

Бошланса нур ўйини,

Самарқанддай қуёш ҳам

Кетар экан суюниб.

Дер эканлар одамлар:

“Самарқанд – қуёш шаҳри,

“Самарқанд”, дейиш билан

Очилиб кетар баҳринг”.

Қуёш, шаҳар дўст экан,

Йиллар ўтаркан оқиб,

Бир-бирин жамолига

Тўймас эканлар боқиб.

Самарқанд деса, қуёш

Нур сандиғин очаркан,

“Мен билган жаннат шу”, деб

Меҳр нурин сочаркан.

Самарқанд билан Қуёш

Азалий ошна экан.

Бир дам кўришолмаса,

Меҳрига ташна экан.

 

БОЛАЛАРНИНГ ОВОЗИ

 

Болаларнинг овози –

Менинг овозим, созим.

Болаларнинг овози –

Менинг баҳорим, ёзим.

Болаларнинг овози –

Остонам бутунлиги.

Деворимнинг пардози

Борлигим, устунлигим.

Болаларнинг овози –

Чалинмаса қулоққа,

Онам ҳам бўлмас рози,

Қуриб қолгум булоқдай.

Шовулламас боғ-далам,

Кўкда чақилмас чақин.

Кўкда ёришмас олам,

Қанча бўлмасин яқин.

Болаларнинг овози –

Томирларимга туташ.

Шовқини, эрка, нози

Бағримни қилган оташ.

Болаларнинг овози –

Соябон баргларимдир,

Борман деб қулоч ёзиб

Қурдирган аркларимдир.

Шунданми, менинг наслим

Тез кўзга ташланади.

Ватанни севиш асли

Боладан бошланади.