Сафар Барноев – таниқли болалар шоири, 1938 йили Бухорода туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини битириб, ёшлар матбуоти таҳририятларида, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасида, Халқ таълими вазирлигида самарали хизмат қилди. 1995 йилдан умрининг охиригача (2007) “Гулхан” журнали бош муҳаррири вазифасида ишлади.

Қатор шеърий тўпламлари нашр этилган. “Шуҳрат” медали, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт мукофоти билан сийланган. Қуйида шоир шеърларидан намуналар ўқийсиз.

 

БУЮРСИН

 

Юртим деса қим, юлдузи осмонга буюрсин,

Мен сенга фидо, дегувчи ўғлонга буюрсин.

Дил-дилга яқин бўлди, қаранг, тилда ғубор йўқ.

Дўст бўлса агар, йўллари бўстонга буюрсин.

 

Дунё биладир, неча буюкларга

Ватан бу, зурёдлари биз, олиму деҳқонга буюрсин.

Турон эли шавкати тарихдан аёндир,

Тарихни таниб турувчи Посбонга буюрсин.

 

Биз бирла нафас олувчи кўп рўйи заминда,

Гар хушламаса, топгани шайтонга буюрсин.

Эй шонли элим қадри баланд, қадди баландим.

Озод бу Ватан мадҳи достонга буюрсин!

 

 

ИБОДАТ

 

Бир куни мен битта кўчат ўтқаздим,

Қишлоғим йўлида ариқ ўтказдим,

Чўкиб бораётган дўстим қутқаздим

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Доим йўқлаб турдик етим-есирни,

Тинчитдим жанжални, ола-тасирни,

Кўзин очиб қўйдим гумроҳ, басирнинг,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Ғаюрларга дедим: Ошма ҳаддингдан,

Кўнглингни пок қилгин, аканг қаддингдан...

Эл бўлгин, қайтгин-ей феъли-баъдингдан,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Илтижо қилдим мен бўлмай шарманда,

Улуғлар уйғонди обод Ватанда,

Яхшилик уруғи унсин ҳар танда,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Қай юртда бўлмайин мен юрдим тетик,

Ватан – муқаддасдир, Юракда битик,

Аллоҳ тоатида бош бўлсин эгик,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Номардга дуч келсам, ўчмади ўчим,

Сотқинга дуч келсам, ёнди бу ичим,

Мени тарк этмади, ростлик қиличим,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Элим деб ёнмоқлик шарафдир менга,

Меҳридан қонмоқлик шарафдир менга,

Яйраб уйғонмоқлик шарафдир менга,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

Неча гувоҳ бўлдим, неки кўрдим, бас,

Фақат яхшиларга мен қўйдим ҳавас

Бизга мерос бўлган Ватан муқаддас,

Кексалар дедилар: бу ҳам ибодат.

 

 

БОЛАМ СЕНИ...

 

Болам, сени ойим дедим, юлдузим дедим,

Қуёш билан чиқиб келган кундузим дедим.

Кетар бўлсам ортда қолар чин сўзим дедим,

Дедим, дедим, юрагимда завқим жўшган дам.

Энди сен ҳам ўзлигингни англагин, болам!

 

Мустақилман деган бир сўз қалбингда ёнсин,

Томирингда мудраб ётган қонлар уйғонсин.

Жўмардлигинг олам билсин, меҳрингга қонсин,

Чақин бўлсанг чақнаб тургин, руҳ оловлансин,

Энди чақин кўзлигингни англатгин, болам.

 

Юлдуз тўла осмонларинг бошингда бўлсин,

Бўлмаган иш энди сенинг ёшингда бўлсин.

Мард бўл дедим,

Мардона бўл, бўл собит қадам,

Қишмас энди, ёзлигингни англатгин, болам.

 

Боболарни ёдлаш савоб, умр ўтади,

Издош бўлсанг, излар сени бошлаб кетади.

Муродига ким етмайди, кимлар етади,

Ахир сенинг тарихингни қай зот битади.

Бўз йигит бўл, бўзлигингни англатгин, болам.

 

Ҳар сония кимга шодлик,

Кимга ғам бўлар.

Ким элим деб яшар экан, мустаҳкам бўлар.

Садоқат ҳам,

Содиқлик ҳам ушбу дам бўлар,

Қутлуғ қадам – излигингни англатгин, болам.