Қори Муҳаммад Расул 1895 йили Каттақўрғон шаҳрида дунёга келди. Илк таълимни отасидан олди, сўнгра Қори Ўроқ ва Зокир домладан Қуръонни тўлиқ ёд олди. Мир Араб мадрасасида ўқиди. Ёшлигидан шеърлар машқ қила бошлайди. Ғазаллари 1914 йили чоп этилган “Маҳдий баёзи”га киритилди. 1931 йили ноҳақ айбланиб, Шимолий Кавказга сургун қилинди, Ватанига 1946 йили қайтди.

Қатағон даврида ёзган шеърларига “Ножий” (нажот истовчи) тахаллусини қўярди. Афсус, замон нотинч бўлгани сабабли шеърларининг ҳаммасини сақлаб қололмаган. Қори Муҳаммад Расул 1949–1963 йиллари Каттақўрғон туманидаги Кичиккўрпа қишлоғида истиқомат қилди ва деҳқончилик билан шуғулланди. 1964 йили Каттақўрғон шаҳрига кўчиб, умрининг охиригача илм ва бадиий ижод билан машғул бўлди. Шаҳар жоме масжидида кўп йиллар имом-хатиблик қилди. Шоир 1989 йили 95 ёшида вафот этди.

Ножий ғазалларидан намуналар билан танишинг.

Ножий. “Уммон” (1996). Сўзбошидан


.

 

Муҳаммад РАСУЛ НОЖИЙ

 

* * *

Элга гар гулзор иси хуш, менга гулрухсор иси,

Бўлса гулрухсор иси, мен найлайин гулзор иси?

Гул исиға боғбон таклиф этар ҳар дам мени,

Ёқмағай ҳаргиз димоғимға не гул, не хор иси.

Тебратур гул шохини гулзор аро боди баҳор,

Ёрсиз суд этмағай гар қилса юз изҳор иси.

Атр иси, анбар иси, сунбул иси хушдур вале,

Хуш кўринмайдур менга гар йўқ турур дилдор иси.

Боғ аро гул бўйидин эл бўлғусидур хуш димоғ,

Лек мен бечораға басдур руҳи гулнор иси.

Ножиё, хуш бўлмағай кўнглум жаҳон гулзоридин

Етмағунча то димоғимға висоли ёр иси.

* * *

Етди риҳлат вақти, эй дил, барча кўргонинг унут,

Боғла рахтинг, айлағон беҳуда армонинг унут.

Мурғдек тердинг чўқуб ҳирс ила сонсиз доналар,

Донаи ҳирс ила тўлдирган жиғилдонинг унут.

Ҳар тараф жавлон этиб сурдинг маишат даврини,

Бас қил эмди телбалиғ, ул давру давронинг унут.

Хам бўлуб қаддинг, олибсан илгинга эгри асо,

Эй ҳаёсиз, орзуи сарви гулистонинг унут.

Соч оқарди, тишларинг бир-бир тўкулди, эй фалон,

Кўнглинг ўлди қора, фикри дурри маржонинг унут.

Арқа-арқа сенга боқиб кетдилар тенгдошлар,

Мен қачон айдим сенгаким, ёди ақронинг унут?

Ерга қўйдинг ўз қўлунг бирла неча авлодни,

Кўси навбат кутгил эмди, лаъли хандонинг унут.

Сен учун қозмасдин олдин тимқаро ердин макон,

Оқил эрсанг, Ножиё, айвони кайвонинг унут.

* * *

Кеча кўрдум дилбарим жавлон этар от устина,

Ўйнагандек пар ёзиб лочин чу калхот устина.

Нуқтаи холингму ораз узра ё кўз мардуми,

Ким қадалған ҳирсдин боқғанда миръот устина.

Ёшурун ағёр ила ўлтурғанинг ёшурмағил,

Бормадимму мен ўзим карроту маррот устина.

Бўлмадим қонеъ лабинг шаҳдини бир тотмоқ била,

Хайр ўлурди хайр қилсанг боз хайрот устина?

Ёр ташриф айласа, бахту саодатдур менга,

Хуш бўлур ҳозиқ етушса хаста ҳолот устина.

Сарв қаддимдин дедилар сарфароз ўлди кўнгул,

Етган эрмиш қомати ҳадди камолот устина.

Нарди ҳуснунг ўйнадим ишқ отин ҳарён секратиб,

Ножий бирла можаролар айладим мот устина.

 

 

 

* * *

Ёр ёр ўлмасайди, меҳнат ихтиёр айлармидим,

Ёр учун оламда ўзни хору зор айлармидим.

Даҳр золидин агар кўрсам эди бир илтифот,

Бунча аҳволимни эл олдида хор айлармидим.

Бир қиё боқған бўлайди кўз учидин маҳвашим,

Бу сифат девоналиғлар ошкор айлармидим.

Бир йўли ҳолимни сўрған бўлса эрди, мунча мен,

Тош уриб кўксумға, ашким шашқатор айлармидим.

Неча минг номамға олған бўлсам эрди бир жавоб,

Кўз ёшидин сафҳаларни лолазор айлармидим.

Ишқи поким эътибор ўлсайди дилдор олдида,

Мен ўзимни даҳр аро беэътибор айлармидим.

Билсам эрди шиддати ҳижрон тунин бир лаҳзасин,

Умрлар мен ихтиёри васли ёр айлармидим.

Воқиф ўлсайдим қаро кўзларни зулфи домидин,

Мурғи дилни ул балоларға дучор айлармидим.

Кору борим ишқдур, Ножий, бу дунёда мен,

Ишқдин ҳам ўзга яхши кору бор айлармидим?..

 

Навоий ғазалига мухаммас

Дилимга сендин, эй жон, ғам тушубдур,

Кўзумдин кўксума кўп нам тушубдур,

Ададсиз бошима мотам тушубдур,

Кўзунг сарфитнаи олам тушубдур,

Қошингдек бир янги ой кам тушубдур.

Қаро сочинг ёйишдин не суд?

Чиқармакдур магар бошим уза дуд.

Арақлар донаси чеҳрангда мавжуд,

Сепибсенму гулоб ул юзға ёхуд

Гули сурх уза шабнам тушубдур.

Эрур қасдинг жафо тухмин экарға,

Вафо аҳлин кўзидин қон тўкарға,

Алиф қадларни қошингдек букарға,

Кўнгуллар захмидин солиб чекарға,

Магар қошинг учидин хам тушубдур.

Дилим ҳижрон ўтидин бўлди бирён,

Кўзум они ҳароротида гирён,

Жароҳатларки кўксум ичра пинҳон,

Лабинг ҳажрида бағримдин борур қон,

Магар ул захмдин малҳам тушубдур.

Хиром эт сабзани япроғ этарға,

Чаман раъноларини доғ этарға,

Юриб ҳар ёна таъбинг чоғ этарға,

Эмас елдинки сайри боғ этарға,

Аёғингга суман гул ҳам тушубдур.

Мен ўз жисмимга лойиқ ҳирқа бичсам,

Муҳаббат наҳрида мастона кечсам,

Ҳамадин қўл ювиб гирёна кечсам,

Итинг синган сополидин май ичсам,

Не тонг илгимда жоми жам тушубдур.

Ул ой бир йўқламас ҳаргиз ҳабибин,

Тилиға олмағай Ножий ғарибин,

Бало қути қилиб ошиқ насибин,

Навоийни қовуб истар рақибин,

Гадо маҳруму ит маҳрам тушубдур.