Дўстмуҳаммад ДЎСТ

 

МАЪРИФАТ ЎЧОҒИ

Қай элда тебранса илм бешиги,

Унга очилгайдир жаннат эшиги.

Юртим, закийларга, валийга консан,

Орифлар онаси, Ўзбекистонсан.

Қадимдан илмга бўлгандир пайванд,

Хиваю Андижон, Термиз, Самарқанд.

Етар чалингунча Исрофил сури,

Бухоро илмининг табаррук нури.

Олимлар қалбига иштиёқ солган

Илму дин маскани шаҳри Наманган.

Меҳр-ла ўргилиб тану жонингдан,

Олимлар етишган Марғилонингдан.

Авлиёлар Кешдан уфурган нафас

Букун Тошкент узра бераётир сас.

Минг йиллар ичида Туркистон, Турон,

Маърифат ўчоғи саналган чунон.

Бу кўҳна тупроқни ковласанг токи,

Ҳар одим жойида авлиё хоки.

Улар нур таратиб ошкору ниҳон,

Бўйидан завқ олмиш бир бутун жаҳон.

Дин, имон йўлида бамисли чироқ,

Қанча мудроқ дилга солиб иштиёқ.

Бошлади халқларни ҳидоят сари,

Бу нури саодат илмдан бари.

Турғун бўлмаган-ку омад ва шодлик,

Кураш билан собит қолгай озодлик.

Не бир синовларни кўрмади боши,

Минг шукр, элимнинг балқди қуёши.

Комиллик ғояси бўлганда матлаб,

Мактабдан бошланди биз учун мактаб.

Улуғ аждодларнинг руҳин этиб шод,

Мадраса, масжидлар этилди обод.

Истиқлол Аллоҳдан улуғ иноят,

Муродига етди халқим ниҳоят...

 

БОШҚАЧА ЯШАЙМАН

Мен энди бошқача яшайман,

Қуёшдан нур эмган япроқдай.

Боримни йўлларга тўшайман

Шу танти, хокисор тупроқдай.

Англадим дилимда мавж урган

Гўзал оламларнинг зиёсин.

Нафсимнинг ўтида сезмабман

Алдоқчи дунёнинг риёсин.

Кечиб кибру ғурур – “мен”имдан,

Муҳаббат майига қонаман.

Энди милтираган шам эмас,

Ёнсам, бир гулхандай ёнаман...

 

Каттақўрғон тумани