Ғулом ФАТҲИДДИН

 

МУҲАББАТ ЗАНЖИРИ

Ўзингдан бошладим, бари Ўзингдан,

Сенинг каломингдан, Сенинг сўзингдан.

 

Бу ёруғ дунёга йўлладинг, Аллоҳ,

Азобда синадинг, қўлладинг, Аллоҳ.

 

Қалбан иқрор бўлиб, қилурман сажда,

Каломинг, оятинг – бизларга мужда.

 

Мен Сенинг олдингда хасман, басирман,

Сен берган туйғуга, ҳисга асирман.

 

Тобеман Сен берган юракка, жонга,

Умр деган онга, ақлу имонга.

 

Боқиб бу замонга, давру давронга

Хиёнат этдимми аҳду паймонга?

 

Бўлсам-да ишқингга сомеъ, занжирбанд,

Дунёга меҳримни қўйдимми баланд?

 

Боқмасдан маъшуқа ҳинду холига,

Ҳирс қўйдимми, ё Раб, дунё молига?

 

Йўқ, ахир, Ўзингга бандаман, қулман,

Занжирларинг сирли, ғулларинг гулдан.

 

Юрак томирларим, ақлу ардоғим –

Қулчилик бобида қисмат арқоғим.

 

Берган муҳаббатинг, ҳар лаҳза, онинг –

Юрагим боғланган нурли арқонинг.

 

Башар дарахтида оддий меваман,

Сен берган Ватанни – юртни севаман.

 

Сен шошмай, тобора чирмаб, боғлайсан,

Ёмғир сувларида ювиб, доғлайсан.

 

Боқмангиз лаб буриб ифтихоримга,

Ўзимни топширсам ихтиёрига.

 

Кўринг, мен ошиқни, қулни, занжини,

Бўйнимда муҳаббат ранжи, занжири.

 

Шу ишқсиз одаммас – тупроқман, кулман,

Шу ишқ тарк айласа, йўқман, бир пулман.

 

Шукр, мен ошиқман, вайронам – гулшан,

Лайлимсан, Мажнунман, Сен – Шоҳ, мен – қулман.

 

Шу буюк ишқимни адо этмагин,

Севгим занжиридан жудо этмагин.

 

Ишқи йўқ каслардан асра, бер паноҳ,

Жамолинг нурини ёр айла, Аллоҳ!

 

Омин! Охиратда Ўзинг хор этма,

Имон бер, юзингга бизни зор этма.

 

 

ЭЙ ДЎСТ

 

Раво кўрдинг ўзингга меҳру вафони, эй дўст,

Бизга эса беадад жавру жафони, эй дўст.

 

Роҳату фароғатда ўтар умринг хотиржам,

Оқибати ёмондир кайфу сафонинг, эй дўст.

 

Ташла назар улусга, дилларга бўлгин ҳамдард,

Олгил, ғариб етимдан хайру дуони, эй дўст.

 

Кўрсам эдим сенда мен арзу самода тенгсиз

Шашти баланд, жаҳди зўр марди Худони, эй дўст.

 

Кимки дилда ёри бор, бўлғай ғолиб, бахтиёр,

Шукру тавба тахтидир, бил, бу нидони, эй дўст.

 

Келур бир кун сўроқлаб: “Тўрт оёқли чўбин от”,

Кетар чоғинг унутма, ўйла видони, эй дўст.

 

Бу қўналға дунёда ўтди не-не инсонлар,

Душман билиб ўзига кибру ҳавони, эй дўст.

 

Кўз-кўзладинг зарингни, менга гардча қадри йўқ,

Тинглаб ушбу навони, англа Аллоҳни, эй дўст.

 

 

ИЛТИЖО

 

Кўнгил, учгил фалакларга, салом айтгил малакларга,

Малойиклар билан сирлаш, назар солма бўлакларга.

 

Ҳузурига етиб боргач, арзим айтгил ўшал ёрга,

– Бир боқсанг, на бўлғай? – де, ишқ йўлида ҳалакларга.

 

Қолиб кетма у ёқларда, жавоб келтир жафокордан,

Кутиб мужда, умид тушгай хазон янглиғ йўлакларга.

 

Сўнгакларда ғалат оғриқ, билакларда мажол йўқдир,

Қараб қўйса, гуноҳ бўлмас фақат дийдор керакларга.

 

Руҳи равон – пароканда, дўзах ўти ёнар танда,

Замин отлиғ бу ватанда паноҳ борму юракларга?

 

Кўнгил, учгил фалакларга, салом айтгил малакларга,

Ижобат навбати етгай қачон бизнинг тилакларга?!

 

Кўнгилнинг ихтиёрини – бериб ёр ихтиёрига,

Ғулом-о, тўй жамолига боқиб гулу чечакларга.

 

Кўнгил, учгил фалакларга...

 

Риштон