Абдуғани СУЛАЙМОН

 

БОЛАЛИК

 

Баъзан тушларимга кирар болалик,

Завққа тўлган шодон дамлари билан.

Қайга кетиб қолди у масъум шодлик,

Бугун ҳаёт қийнар ғамлари билан.

 

Болаликнинг шаффоф кўчаларида

Қолдириб келибман тоза юракни.

Майсаларнинг яшил қўлчаларида

Қуёш тутқазади ўша эртакни.

 

Ўшанда қушларнинг тилин билардим,

Қучоғига мудом чорларди осмон.

Тонг бўйнига тинмай орзу илардим,

Мендан олис эди қайғу ва армон.

 

Менга азиз эди, жуда қадрли,

Райҳон ҳиди келган онам қучоғи.

Борлиқ туюларди завқли ва сирли,

Осмондай кенг эди отамнинг боғи.

 

Жуда ҳам чарчадим, жуда толиқдим

Дил уфқида офтоб чўкаётган дам.

Қўлларимдан ушлаб, болалик пайтим,

Мени олиб кетгин қайга бўлса ҳам.

 

 

СУВ

 

Эй дўст, дарё каби умримиз ўтар,

Зотан, руҳимизда дарё нафаси.

Билмаймиз соҳилда бизни не кутар,

Юракка тор келиб кўкрак нафаси.

 

Аслида бир томчи сувдан жисмимиз,

Шунданми бир сўздан кетамиз эриб.

Ҳаёт суви ичра бедор исмимиз –

Нилуфар – ғамларни юради териб.

 

Баъзан кўзёшимиз бўлиб шашқатор,

Кимнидир кузатиб сўнгги манзилга.

Қисмат ёмғирига бериб ихтиёр

Бир томчи сув бўлиб қайтамиз дилга.

 

Лойимиз қорилган илоҳий сув,

Билмаймиз олинган қайси дарёдан.

Бир кун руҳимизда кўтариб ғулув –

Сувлар ювиб кетар бизни дунёдан.

 

Эй дўст, йиғламагин ҳуда-беҳуда,

Гарчи бошга тегар ҳаёт тошлари.

Шодликни севади тириклик жуда,

Кўзга ярашади севинч ёшлари.

 

ТУПРОҚ

 

Эй дўст, сезганмисан жуда ёруғдир

Камтарликнинг тоза, маъсум йўллари.

Ҳали-ҳамон ҳеч ким етолмаган сир –

Руҳимизни кучган тупроқ қўллари.

 

Бу замин мендирман, бу замин сенсан,

Ундан бунёддирмиз ва унда барбод.

Ўйлаб бир ҳикматга беролдингми тан:

“Тупроқ остидадир бизнинг қўшқанот”.

 

Нечук биз бунчалар ер ишқига банд,

Бир лаҳза биз ундан узмаймиз қадам.

Ё унинг руҳига жонимиз пайванд,

Унга қовуштирар бизни ўлим ҳам.

 

Гарчи хаёлимиз ҳануз фалакда,

Вужудимиз аро замин титроғи.

Уйғонади бир ишқ маҳзун юракда –

Гўёки узилган гулнинг япроғи.

 

Бу замин аждоддан меросдир билсанг,

Шоҳ-гадога асли тенг бу йўл, эй дўст.

Руҳингни самода кўрмоқчи бўлсанг,

Тупроқ бўлмай туриб, тупроқ бўл, эй дўст.