Бойжигит АБДУЛЛАЕВ

 

МЕЗБОН БЎЛМАДИМ

Елкангда кўтариб топтирдинг камол,

Меҳринг оғушида кўрмадим завол.

Бўлмаган сен каби сермеҳнат аёл,

Айланиб, ўргилдинг, ёмон бўлмадим.

 

Баъзида сендан ҳам ёр бўлди улуғ,

Онам, дийдорингдан кор бўлди улуғ,

Мансабли, юкли бир нор бўлди улуғ,

Сўнгги сафарингда сарбон бўлмадим.

 

Бугун мангу юмуқ кўзинг, қароғинг,

То абад чимрилмиш қошинг, қабоғинг.

Онажон, оғримас энди оёғинг,

Не қилай, дардингга дармон бўлмадим.

 

Биламан, бир куни сирли тонг келар,

Шоҳу гадонинг ҳам ҳоли танг келар.

Нурли дийдорингдан хабар, бонг келар,

Бу фоний дунёга султон бўлмадим.

 

Дедим Худойимга: содиқ қулингман,

Онам, чаманингда ўсган гулингман.

Бир мажнун шоирман, далли улингман,

Мадҳингни битишда бийрон бўлмадим.

 

ФАРЗАНД НОҚОБИЛ БЎЛСА

“Тойчоқ” филмини кўриб

 

Кирар барвақт оғриқ жисмингга,

Танангдаги жами қисмингга.

Келармиди исмингга,

Агар фарзанд ноқобил бўлса?

 

Гарчи юзинг эмасдир чўтир,

Гарчи қўлинг босмаган қўтир.

Давраларда бош эгиб ўтир,

Агар фарзанд ноқобил бўлса.

 

Хаёлларинг элтади сойга,

Дил сўзингни айтарсан ойга,

Билолмайсан бормоқни қайга,

Агар фарзанд ноқобил бўлса.

 

Йиғла, душманларинг кулдириб,

Бўзлагин ранг-рўйинг сўлдириб,

Гапирма оғзингни тўлдириб,

Агар фарзанд ноқобил бўлса.

 

Гулистон шаҳри