Фариддун ОЧИЛОВ

 

Сени юрагимдан соғиниб яна

Қучоғингга қайтдим, она қишлоғим.

Шўх насим қалбимни эркалаб чертган

Покиза тонгларим, ясанган боғим...

 

Қизқўрғон бағрида эсган шабада

Хушбўй ҳаволарни урар димоққа.

Яйратиб, ғуборни ювиб юракдан

Ғам-алам, ташвишни қувар йироққа.

 

Қиличбулоғингнинг зилол сувлари

Гулгун ҳаётингга қўшар кўрк, умр.

Бунда азизларнинг қадамжолари

Ҳар бир фарзандингнинг суянчиғидир.

 

Интилсам орзуга тутиб қўлимдан

Самога бўй чўзди Хўжабаркўҳ тоғ.

Абдураҳмон ибн Авф кароматидан

Зим-зиё йўллар ҳам мен учун порлоқ.

 

Работ Али, Шоҳмар, Туягум, Қўрғон –

Бир чимдим тупроғинг олтиндан аъло.

Ҳар бир тошинг, майсанг менга бир Ватан,

Майин шамолларинг қалбимга оро.

 

Сени ўйларканман, шундай – хаёлан,

Босолмай ўзини ҳаприқар юрак.

Қанийди шу дамда қуш бўлиб учсам,

Бағрингга отилсам мисоли гўдак.

 

Оҳ! Қанийди сендан асло кетмасам,

Дийдорингга тўйсам то танда бор жон.

Нетай кечолмасман орзулардан ҳам,

Бир кун оғушингга қайтаман, ишон...

 

Қашқадарё