Ҳабиба БУРҲОН қизи

 

АРЗИМАС

Бой кишига ҳавас қилсанг ногаҳон,

Камбағалга назар ташла бир нафас.

Чин камбағал мен ўзимман десанг гар,

Дарбадарга назар ташла бир нафас.

 

Ёлғизман, деб қақшаб қолса юрагинг,

Дўстларинг-ла доим бўлгин ҳамнафас.

Сўнг ибодат айла Эгамга холис,

Сано айтар Унга ҳатто хорухас.

 

Ҳар бир кундан яхшиликни ахтаргин,

Ташла қадамингни ўнгга, сўлгамас.

Асабларинг эзғилашга ҳеч қачон

Бу дунёлар асло, асло арзимас...

 

ЙИҒЛАМА

Қўй, йиғлама, болажоним,

Юзингга ёш қўнмасин.

Қўлинг калта бўлса бўлсин,

Қалбинг мажруҳ бўлмасин.

 

Ота-она бошин эгган

Оқпадарлар йиғласин.

Сен йиғлама кўзқароғим,

Қалбинг мажруҳ бўлмасин.

 

Юрагингнинг ҳар уриши

Эзгуликдан сўйласин.

Аллоҳ йўлин тутгин, токи

Қалбинг мажруҳ бўлмасин...

 

Ғаллаорол