Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) хушмуомалаликлари, омонатдорликлари ва ростгўйликлари билан бутун башариятга ўрнак бўлдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Яратгандан сўрасалар, бутун дунё бойликлари у зотга берилиши мумкин эди. Аммо у зот бундай қилмадилар, мен ҳам сизлар каби оддий бир инсонман, дея камтарона ҳаёт кечирдилар. Аллоҳ таолонинг амрларини етказишда мушрикларнинг азиятларига сабр қилдилар, ҳатто ёмонлик истаганларга ҳам яхшиликни раво кўрдилар, фақат умматларининг ташвишида бўлдилар.

Биз у зотга қанча саловат айтсак, салом йўлласак, ҳақларига дуо қилсак, шунча оздир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловатлар айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга саловат ва салом айтингиз” (Аҳзоб, 56).

Мўмин банда ҳар куни, ҳар соатда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни эслаб, шафоатларидан умид қилиб, ҳақларига салот ва саломлар йўлласада, Рабиул аввал ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбатан ҳурмат-эҳтироми, меҳри янада жўшади. Худди ҳар йил баҳор қалбимизга илиқлик улашганидек, бу ойда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббатимиз файзи бошқача бўлади. Мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда шу ойда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёт тарзлари, сифатлари, суннатлари ҳақида ваъз қилинади. Биз у зотнинг сийратлари ва суннатларини ўрганганимиз сайин ахлоқимиз гўзаллашади, иншоаллоҳ.

Жанобимиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ҳақ таоло бундай мадҳ этди: (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), албатта, сиз улуғ хулқ эгасидирсиз!” (Қалам, 4).

Ҳазрат Ойша онамиздан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг хулқлари ҳақида сўрашганида, “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, дея жавоб берганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга бундай васият қилганлар: “Аллоҳ таоло сизларга Исломни дин қилиб ихтиёр этди. Уни гўзал хулқ ва саховат билан эъзозланг. Чунки Ислом мана шу икки хислат билан мукаммал бўлади” (Имом Муҳиддин Закариё).

Биз у зотга муносиб уммат бўлайлик.