Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Киши уйига кирганида ва тановул қилиш олдидан Аллоҳ номини зикр этса, шайтон ўз шерикларига: “Бу ерда бугун қололмайсиз ва тановул ҳам қилолмайсиз”, дейди. Киши агар уйига кириб, Аллоҳ номини зикр этмаса, унда у: “Бу уйда қола оласиз”, агар таомланишдан олдин Аллоҳ номини зикр этмаса, “бугун бу ерда тановул ҳам қила оласиз”, дейди” (Имом Муслим).

Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мен суяниб (ётиб, ёнбошлаб) таом тановул қилмайман” (Имом Бухорий).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Икки кишилик таом уч кишига, уч кишилик таом тўрт кишига кифоя қилади” (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизлар седанадан истеъмол қилинг, унда сомдан бошқа барча нарсага шифо бордир”. “Сом” бу ўлимдир” (Имом Бухорий ва Муслим).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сув ичишда уч марта тўхтаб ичардилар ва: “Шундай қилиш чанқоқни босишда, унинг фойдали бўлишида ва саломатликни сақлашда энг афзал йўлдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зайтундан таомга қўшиб енглар, унинг ёғи билан баданингизни ёғланг, муборак дарахтдандир”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа, Ҳоким ривоятлари).

Салама ибн Аква (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир киши Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларида чап қўли билан тановул қилаётган эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Ўнг қўлинг билан тановул қил”, дедилар. У киши: “Мен ўнг қўлим билан тановул қилолмайман”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йўқ, қўлингдан келади”, дедилар. Жобир (розияллоҳу анҳу) деди: “Унинг кибри бунга йўл қўймас эди, сўнг у қўлини таом билан кўтаролмай қолди”.