Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олдин ҳар бир пайғамбар Аллоҳга даъват қилиш, бут-санамларга ибодат қилишдан қайтариш учун ўз қавмига хослаб юборилар эди. Нуҳ (алайҳиссалом) ўз қавмига, Ҳуд (алайҳиссалом) Од қавмига, Солиҳ (алайҳиссалом) Самуд қавмига ва ҳоказо. Лекин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада турган ҳолларида бутун оламларга юборилганлари ваҳий қилинди: Раҳмли ва меҳрибон Зот Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз» (Анбиё, 107). «(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик» (Сабаъ, 28).

Мазкур оятдаги “роҳматан” калимаси масдар бўлиб, маънони таъкидлаш, кучайтиришни ифодалайди. Шунда унинг маъноси қуйидагича бўлади: “айни раҳмат”, “бутунлигича раҳмат”, “ҳақиқий раҳмат”.

“Оламийн” калимаси эса кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани ўз ичига қамраб олади: фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, набототу жонсиз моддалар олами ва ҳоказо...

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқалардан кўра мусулмон умматларига меҳрибонроқ эдилар. Бу ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: «Ҳaқиқaтaн, сизлaргa ўз­лaрингиздaн (чиққaн), сизлaрнинг қийинчиликлaрингиздaн aлaм чeкaдигaн, сизлaр билaн қизиқувчи вa мўминлaргa мушфиқ вa рaҳмдил рaсул кeлгaндир» (Тавба, 127).

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларга хушхабар беринглар, бездирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларида қуёш тутилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқидилар.

Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг руку қилиб, рукуда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар”. Шуъба (розияллоҳу анҳу) айтади: «Менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: “Раббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?” дедилар. Намозни тугатганларидан сўнг: “Менга жаннат кўрсатилди, ҳатто қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим”, дедилар» (Абу Довуд).

Усома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизлари у зотга: “Тезроқ келинг, ўғлим жон бермоқда”, деб одам юборди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. (Қизим) сабр қилсин ва савоб талабида бўлсин”, деб одам юбордилар. У (қизлари) қатъий туриб: “Келмасалар бўлмайди”, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. У зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кўтариб олиб келинганда, унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?” деди. “Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳмли бандаларигагина раҳм қилади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига бирор нарса буюрадиган бўлсалар, қийинлаштириб қўйишдан қўрқардилар. “Агар умматимга қийинлаштириб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, дер эдилар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одам (алайҳиссалом)нинг олдиларига келиб: “Бизлар учун Раббингиздан шафоат сўранг”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳим (алайҳиссалом)дан сўранглар, у Раҳмон зотнинг халили (дўсти)дир”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусо (алайҳиссалом)нинг олдига боринглар, чунки у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки у Аллоҳ пуфлаган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар Исо (алайҳиссалом) олдиларига келишади, у зот ҳам: “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади, шунда: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Раббимдан изн сўрайман, Раббимдан менга изн берилади ва У зот менга, мен У зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан У зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишингга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик имони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан У зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилинишига рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик имони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан У зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилинишига рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ имони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади. Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан У зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилинишига рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Раббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. У зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим, улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дек зотга уммат бўлиш шарафига муяссар қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ўғли,

Тошкент ислом институти битирувчиси