Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштаҳалари тортса ердилар, тортмаса емасдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқларидан бири намоёндир. Биз барча ишларимизда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олишимиз лозим. Олдига қўйилган егуликни иштаҳа тортганича ейиш ё бошқаларнинг кўнглига тегмай, емаслиги сабаб­ларини чиройли тарзда баён қилиш юксак фазилатдир.

Бу одобга риоя қилинса, Аллоҳ таоло берган неъматларга но­шукрлик қилинмайди. Шунингдек, кишилар орасида меҳр-муҳаббат мустаҳкамланади.

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Саҳобалардан бир жамоа Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)нинг уйларига келишди. Шунда у зот уларнинг олдига нон ва сирка қўйди ва: “Енглар, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитганман: “Сирка жуда яхши нонхурушдир. Дўстларидан бир нечтаси келганида, уйидаги бор таомни уларнинг олдига қўйишдан уялган ва олдига таом қўйилганида уни ҳақир санаганларга ҳалокат бўлсин” (Имом Бухорий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига фақат сирка қўйилганида ҳам уни нонхуруш қилиб еб, “бу қандаям яхши овқат”, деб мақтаганлари ривоят қилинади. Меҳмон олдига қўйилган овқат ва ноз-неъматлардан айб қидирадиган бўлса, мезбоннинг кўнглига қаттиқ ботади. Агар у ейишни ёқтирмаган ёки соғлигига парҳезли бўлган таомдан чиройли тарзда ўзини тортса, хонадон соҳиблари хафа бўлмайди.

Таом Аллоҳ таоло берган неъматдир, уни айблаш дуруст бўлмайди. Таом айбланилганида уни тайёрлаган инсоннинг кўнглига оғир ботади. Бошқаларнинг ҳам таомдан кўнгли совиб, унинг исроф бўлишига сабабчи бўлади.

Имом Нававий: “Таомланиш одобларидан бири – егуликни тузи кўп, нордон, пишмаган деб айбламасликдир”, деган. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайси саҳобанинг уйига борсалар, олдиларига нима қўйилса, уни камситмасдан еганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалар билан ўтирганларида, олдиларига гўшт пишириб келишганида у зот емайдилар. Саҳобалар бу гўшт ҳалол эмасмикин, деган хаёлга бориб, бу ҳақда сўрашади. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гўшт ҳалоллигини, лекин уни егилари келмаётганини чиройли услубда тушунтирадилар.

 

Манбалар асосида Абдушукур МУРОДОВ тайёрлади.