Кўп сонли муштарийларимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, қуйида Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг либослари ва уй жиҳозлари ҳамда от-уловлари ҳақида маълумот берамиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларидан иккита йўл-йўл устки кийим, яманий шалвар, битта кўйлак, яна бир оқ пахта кўйлак, яманий яктак, қора кийим, оқ кийим, уч-тўртта бош кийим ва битта чакмон қолдирдилар.

Халтачалари бор эди, унда ойна, фил суягидан ясалган тароқ, қайчи ва мисвоклари турарди.

Ичига хурмо пўстлоғи тиқилган тўшаклари бўлган. Уч жойидан кумуш билан ямалган косалари ва бошқа яна бир косалари бор эди. У Райён деб аталарди. Яна бошқаси Муғис деб аталарди. Бундан ташқари, шиша косалари ва хурмо ёғочидан қилинган косалари ҳам бўлган. Мисдан ясалган тоғораларида хина ва катам (қора хина) тайёрланиб, иситмалари чиққанида бошларига қўярдилар. Содира номли теридан ясалган сув ичадиган кичик идишлари ҳамда шиша идишлари бўлган. Сариқ мисдан ясалган чўмиладиган тоғора ва Ғарро деб аталадиган ёғоч лаганлари бор эди. Фитр садақасини ўлчайдиган соъ (2,750 л) ва мудд (0,687 л) идиш­лари бор эди. Шолчалари бор эди. Кумуш узуклари бор эди, унга “Муҳаммад Расул Аллоҳ” деб ўйиб ёзилган эди. Нажоший иккита оддий маҳси ҳадя қилган эди. У зот ўша маҳсиларни ки­йиб юрар эдилар.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кунда киядиган кийимларидан ташқари фақат жума куни киядиган алоҳида иккита кийимлари ва битта қўлрўмолчалари ҳам бор эди.

У зотнинг яшил шойи чакмонлари, ридо ва чопонлари ҳам бор эди.

У зотнинг тахминан ўнта отлари бўлган:

Сакб (йўрға) – уни Уҳуд жангида минган эдилар. Пешонаси қашқа, оёқларида ҳам оқи бор бўлиб, садоқатли эди.

Муртажиз (чиройли кишнайдиган). Хузайма ибн Собит ушбу отнинг шундайлигига гувоҳлик берган эди.

Лизоз (ёлдор, ёли чиройли). Бу отни Миср подшоҳи Муқавқис совға қилиб юборган эди.

Лаҳиф (гўштдор ва катта). Бу отни Рабиъа ибн Абу Баро ҳадя қилган.

Зариб (матонатлик). Бу отни Фарва ибн Амр Жузомий берган эди.

Вард (атиргул). Бу отни Тамим Дорий совға қилган.

Булардан ташқари, Мирвоҳ (шамолдай еладиган), Сабҳа (тез сузадиган) ва Баҳр (денгиз) номли отлари бўлган. Баҳрни Яман савдогарларидан сотиб олган эдилар.

Яна Мандуб, Нажиб, Яъсуб ва Сирҳон номли отлари ҳам бор эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир неча хачирлари ҳам бўлган. Улардан Муқавқис совға қилган хачир Исломда илк минилган хачирлардандир. У “Дулдул” деб номланган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин у жуда қариб қолиб, тишлари тўкилиб кетди. Саҳобалар унга арпани туйиб, янчиб берар эдилар. Айлийя номли хачирни эса Айла подшоҳи совға қилганди. Яна бир хачир Давматул Жандалдан келтирилган эди. “Физза” (кумуш) номли хачирлари бор эди. Яна Фарва Жузомий совға қилган оқ рангли хачирлари бор эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг Уфайр ва Яъфур деб номланадиган эшаклари ҳам бор эди.

Муҳаммад ибн Аббос Ҳасанийнинг “Мухтасар сийрат” асаридан
Исмоил РАЙҲОНОВ
таржимаси.