Тўловни нақд, пул ўтказиш ёки терминал орқали амалга ошириш мумкин.

Манзил: 100002, Тошкент шаҳри Зарқайнар 18-берк кўча 47а-уй.

Мўлжал: “Ҳастимом” мажмуаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ёнида.

Телефонлар: (0 371) 240-08-23, (+99890) 315-60-03.

Нархномани юклаб олинг.

Мўътабар манбаларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўплаб исмлари зикр қилинган. Баъзилар у зотнинг исмлари тўқсон тўққизта эканини таъкидлаган. Ислом уламоларидан Жазулий “Далоилул хайрот” китобида у зотнинг икки юзта исмларини келтирган. Ибн Диҳя эса “Ал-муставфа фи асмоил Мустафо” асарида уч юзга яқин исмларини санаган. Айримлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Қуръонда келган ҳар бир сифатларини исм ўрнида қабул қиладилар, исмларининг кўплигини шу билан изоҳлайдилар. Бошқалар эса булар сифатлар, исмлар эмас, деган мулоҳазани билдиради. Имом Нававийнинг фикрича, буларнинг кўпи сифатлар, уларнинг исм дейилиши мажоздир. Имом Суютий ҳам: “Уларнинг аксари сифатлар”, деган.

Ибн Диҳя, Қуртубий, Рассоъ, Сахховий, Суютий, Ибн Форис, Жазулий, Юсуф Набаҳоний каби олимлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларини жамлаб китоблар ёзишган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Менинг беш исмим бор: Мен Муҳаммадман, мен Аҳмадман, мен Моҳийман (йўқ қилувчи, ўчирувчи) – Аллоҳ мен билан куфрни йўқ қилади, мен Ҳошир (тўпловчи)ман – одамлар менинг ортимдан ҳашр қилинадилар, мен Оқиб (охирги келувчи)ман” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло Ўз Китобида у зотни Муҳаммад ва Аҳмад деб номлаган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, Аллоҳ таоло у зотнинг исмлари ичига фазилатларини жо қилган. “Аҳмад” исми “ҳамд” сўзидан ясалган орттирма даража сифатидир. “Муҳаммад” эса кўп мақтовлиликни билдиради. У зот ҳамд айтганларнинг энг улуғи, ҳамд айтганларнинг энг афзали ва энг кўп ҳамд келтирган инсондир. Мақтовга лойиқ кишиларнинг энг муносиби, ҳамд айтувчиларнинг энг афзалидирлар. Қиёмат кунида Ҳамд байроғи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да бўлади. Аллоҳ у кишига Мақоми маҳмуд (Мақтовли мартаба)ни беради. Ушбу мартабада шафоат қилганлари учун у зотни аввалгилару кейингиларнинг барчаси мақтайди. Шунда Аллоҳ таоло ҳеч кимга берилмаган мақтовларни у зотга ўргатади. Олдинги пайғамбарларга нозил қилинган китобларда у зотнинг уммати “ҳаммодун” (кўп ҳамд айтувчилар), деб номланган. Шу сабабли Муҳаммад ва Аҳмад деб номланишга тўла ҳақлидирлар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан аввал бошқа кишилар бу исмлар билан номланишининг олдини олган. Илгари ҳеч кимга “Муҳаммад” исми берилмаган. Фақат туғилишларидан олдинроқ “Муҳаммад исмли пайғамбар келаркан”, деган хабар тарқалганда, баъзилар шу пайғамбар менинг ўғлим бўлармикан, деган умидда ўз фарзандига Муҳаммад исмини қўйган. Жумладан, Муҳаммад ибн Уҳайҳа Авсий, Муҳаммад ибн Маслама Ансорий, Муҳаммад ибн Баро Бакрий, Муҳаммад ибн Суфён ибн Мужошиъ, Муҳаммад ибн Ҳумрон Жуъфий ва Муҳаммад ибн Хузоъий Суламийлар бунга мисол. Аллоҳ таолонинг Ўзи пайғамбарликни кимга беришни яхши билгувчидир. У Пайғамбаримиздан олдин Муҳаммад исмини олган шу кишиларнинг ҳеч бири пайғамбарликка даъво қилмаслигини таъминлаган.

“Мен Моҳийман (йўқ қилувчи, ўчирувчи), Аллоҳ мен билан куфрни йўқ қилади”. Чунки у зот сабабли Маккадан ёки араб юртларидан ёки умматлари етган ерлардан куфр йўқолади.

“Мен Оқиб (охирги келувчи)ман” – яъни, пайғамбарларнинг энг сўнггиси, улардан кейин пайғамбар келмайди.

“Менинг беш исмим бор”, деганларини олимлар: “Олдинги китобларда мавжуд исмлари”, деб шарҳлашган. Яна бир ривоятда “Менинг ўн исмим бор”, деганлар ва Тоҳо, Ёсин исмларини ҳам айтганлар (Маккий ривояти). Баъзи тафсирларда Тоҳо исмининг маъноси “Ё Тоҳир”, Ёсин исмининг маъносини “Ё Саййид”, дейилган (Суламий Воситий ва Жаъфар ибн Муҳаммаддан ривоят қилган). Бошқа ривоятда у зот: “Мен Расулур раҳма (раҳмат расули)ман, Расулур роҳа (роҳат расули)ман, Муқаффо (ортдан келувчи)ман. Пайғамбарлар ортидан келдим. Мен Қаййим (комил)ман”, деганлар. Яна у зот: “Қуръонда менинг етти исмим бор: Муҳаммад, Аҳмад, Ёсин, Тоҳо, Муддассир, Муззаммил ва Абдуллоҳ”, деганлар (Наққош ривояти). Жубайр ибн Мутъам (розияллоҳу анҳу) ривоятида бу исмлар олтита: Муҳаммад, Аҳмад, Хотам, Оқиб, Ҳошир, Моҳий, дейилган. Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисида айтилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга исмларини айтиб: “Мен Муҳаммад, Аҳмад, Муқаффо, Ҳошир, Набийют тавба ва Набийюл малҳамман”, дердилар”.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га қарата: (Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, деган (Анбиё, 107). Яна у зотни “... уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган...” (Жумъа, 2), “... тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16), “... мўминларга мушфиқ ва раҳмдил...” (Тавба, 128), деб сифатлаган. Бундан ташқари у зот Қуръони каримда Нур, Сирожун мунир (нур таратувчи чироқ), Мунзир ва Назир (огоҳлантирувчи), Мубашшир ва Башир (хушхабар берувчи), Шоҳид (гувоҳ), ал-Ҳаққул мубин (очиқ ҳақиқат), Хотамун набиййин (пайғамбарлар охиргиси), ар-Рауфур Раҳим (меҳрибон, раҳмли), ал-Амин (ишончли, омонатдор), Қадаму сидқ (чин шафоатчи), Раҳматун лилоламин (оламларга раҳмат), Неъматуллоҳ (Аллоҳнинг неъмати), ал-Урват ал-вусқо (пишиқ арқон), ас-Сиротул мустақим (тўғри йўл), ан-Нажмус соқиб (ярқираган юлдуз), ал-Карим (ҳурматли, сахий), ан-Набий ал-уммий (ўқиш ва ёзишни билмайдиган пайғамбар), Доиюуллоҳ (Аллоҳнинг даъватчиси) исмлари ва сифатлари билан зикр қилинганлар. Шунингдек, олдинги китоблар, ҳадислар ва уммат тилида Мустафо, Мужтабо (танланган), Абул Қосим (Қосимнинг отаси), Ҳабиб (суюкли), Расулу Раббил оламин (Оламлар Раббисининг элчиси), Шафиъ, Мушаффаъ (шафоатчи), Муттақий (тақводор), Муслиҳ (ислоҳчи), Зоҳир (ғолиб), Муҳаймин (ҳукмрон), Содиқ (тўғрисўз), Масдуқ (тасдиқланган), Ҳодий (тўғри йўлга бошловчи), Саййиду валади Одам (Одам болалари саййиди), Саййидул мурсалин (пайғамбарлар саййиди), Имомул муттақин (тақводорлар имоми), Қоидул ғуррил муҳажжалин (қиёматда юз, қўл ва оёқларида таҳорат изи билиниб турадиган уммат етакчиси), Ҳабибуллоҳ (Аллоҳнинг суюклиси), Халилур Раҳмон (Раҳмоннинг дўсти), Соҳибул Ҳавзил мавруд (охиратда мўминлар тушадиган ҳовуз эгаси), Соҳибуш шафоа (шафоат эгаси), Соҳибул мақомил маҳмуд (мақталган мартаба эгаси), Соҳибул васила вал фадила вад даражатир рафиъа (воситачилик, фазилат ва юксак даража эгаси), Соҳибут тож (тож эгаси), Соҳибул Меърож (Меърож соҳиби), Соҳибул ливо (байроқ эгаси), Рокибул Буроқ (Буроқни минувчи), Рокибун ноқа (туя минувчи), Нажиб (олижаноб), Соҳибул ҳожа вас султон (ҳожатбарор ва салтанат эгаси), Алома (белги), Бурҳон (далил), Соҳибул ҳирова ван наълайн (ҳасса ва пойафзал эгаси) исмлари келтирилган.

Яна олдинги илоҳий китобларда Мутаваккил (таваккул қилувчи), Мухтор (танланган), Муқимус сунна (суннатни тикловчи), Муқаддас (айблардан пок) номлари зикр этилган.

 

Қози Иёзнинг “Аш-Шифо” китоби асосида Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.