Тўловни нақд, пул ўтказиш ёки терминал орқали амалга ошириш мумкин.

Манзил: 100002, Тошкент шаҳри Зарқайнар 18-берк кўча 47а-уй.

Мўлжал: “Ҳастимом” мажмуаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ёнида.

Телефонлар: (0 371) 240-08-23, (+99890) 315-60-03.

Нархномани юклаб олинг.

Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири акса уришдир. Албатта, бир лаҳзада англаб бўлмас даражада енгилликка эришиш инсон учун катта марҳаматдир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Аллоҳ таоло аксиришни яхши кўради. Эснашни ёмон кўради. Агар сиздан бирингиз аксирса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Аксирганнинг ҳамдини эшитган ҳар бир мусулмон ташмит (дуо) айтиши аксирганнинг ҳақидир. Эснаш шайтондан. Қўлдан келганча уни қайтарсин. Агар у “Ҳаа”, деб оғзини очса шайтон унинг устидан кулади” (Имом Бухорий).

Акса урганнинг “Алҳамдулиллаҳ”, яъни Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, деб айтганини эшитган ҳар бир мўмин: “Ярҳамукаллоҳ” – “Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин”, дея ташмит айтиши лозим бўлади. “Ташмит” сўзи луғатда “яхшилик ва барака тилаб дуо қилиш” маъносини билдиради. Али билан Фотима (розияллоҳу анҳумо)нинг никоҳ тўйи муносабати билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у иккисига ташмит айтганлари, яъни барака сўраб ҳақларига дуо қилганлари ворид бўлган (Имом Бухорий). Ибн Дақиқ Ийд (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ташмит айтиш мусулмонлар орасини бирлаштиради ва меҳр-муҳаббатни кучайтиради”.Ташмитдан яна бир мурод аксирган кишига гуноҳдан холи эмаслигини эслатиш ва Аллоҳдан унинг гуноҳларини мағфират этишини тилашдир (Ибн Ҳажар, “Фатҳул Борий”).

Ташмит айтган кишига аксирган киши: “Яҳдикумуллоҳ ва юслиҳ балакум” – “Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, ишингизни яхши қилсин”, дея муносиб жавоб қайтаради (Имом Бухорий).

Уч мартадан ортиқ акса урилса, касалликдан дея эътибор қилинади ва ҳар сафар ташмит айтиш шарт бўлмайди.

Уламолар акса уриш тўғрисидаги ҳадисларни барчасини ўрганиб, акса уришнинг қуйидаги одобларини санаб чиққанлар. Аксираётганда қўл ёки дастрўмолча билан оғиз беркитилади ва имкон қадар товушини пастлатишга ҳаракат қилинади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аксирган вақтларида қўлларини ёки кийимларини оғизларига қўйиб, шу билан овозларини пасайтирар эдилар” (Абу Довуд). Ўнг ёки чап томонга қараб акса урилмайди. Чунки икки томонидаги одамга азият бериб қўйиши мумкин. “Алҳамдулиллаҳ” деб баланд овозда Аллоҳга ҳамд айтилади. Акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” демаган одамга “Ярҳамукаллоҳ” дейилмайди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида икки киши акса урди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) улардан бирини дуо қилиб, бошқасига индамадилар. Шунда дуо айтилмаган киши: “Фалончи аксирган эди, уни дуо қилдингиз. Мен аксирганимда дуо қилмадингиз”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У Аллоҳ таолога ҳамд айтди. Сен эса ҳамд айтмадинг”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий, Имом Муслим).

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг: “Сизлардан ҳар бирингиз, аксириб Аллоҳга ҳамд айтган кишини дуо қилсин. Агар ҳамд айтмаса, уни дуо қилмасин”, деганларини ривоят қилган (Имом Муслим).

Ҳанафий ва моликий мазҳабига кўра, жума хутбаси пайтида акса урган кишига “Ярҳамукаллоҳ” деб жавоб бериш макруҳ саналади. Ҳожатда аксирган киши овозсиз, дилида ҳамд айтса жоиздир.

Агар мусулмон бўлмаган киши аксирганидан сўнг Аллоҳга ҳамд айтса, унга: “Аллоҳ сени ҳидоят қилсин” ёки “Аллоҳ сенга офият берсин” деб ташмит айтилади. Абу Довуд (раҳматуллоҳи алайҳ) Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Яҳудийлар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларида аксирар ва “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтишларини умид қилардилар. У зот (алайҳиссалом): “Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, қалбингизни ислоҳ этсин”, дердилар”.

Намоз асносида акса урса, тили билан эмас, дилида Аллоҳга ҳамд айтса, намози бузилмайди.

Абдурраззоқ ФАРМОНОВ,

Асака тумани “Муҳиддин Саҳҳоф” жоме масжиди имом-хатиби