Тўловни нақд, пул ўтказиш ёки терминал орқали амалга ошириш мумкин.

Манзил: 100002, Тошкент шаҳри Зарқайнар 18-берк кўча 47а-уй.

Мўлжал: “Ҳастимом” мажмуаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ёнида.

Телефонлар: (0 371) 240-08-23, (+99890) 315-60-03.

Нархномани юклаб олинг.

Буюк сиймолар қолдирган бой маънавий мерослар асрлар оша инсониятнинг умр йўлларини ёритиб келмоқда.  Ана шундайлардан бири мутафаккир ҳазрат Алишер Навоийдир.  Қуйида улуғ бобомиз ҳақида санъат ва адабиётимизнинг йирик намояндалари билдирган муносиб эътирофларни келтирамиз.

Алишер Навоий донғи кетган буюк шоиргина эмас, ўз даврининг энг маълумотли кишиси, фан ва санъатнинг турли соҳаларини мукаммал эгаллаган олим ва мутафаккир, энг ҳушёр, энг тадбирли ва давлатнинг истиқболини кўра билувчи буюк сиймо эди.

Ойбек

* * *

Ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ўлмас “Хамса” асари таркибидаги достонлари, беқиёс “Хазойин ул-маоний”ни ташкил этган шеърияти, ўн тўрт номдаги насрий асарлари билан адабиётимизни бойитган, уни жаҳон адабиёти даражасига кўтарган, башариятнинг маданият хазинасига улкан ҳисса қўшган ижодкордир.

Суюма Ғаниева

* * *

 

Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк санъаткорларидандир. Унинг номи ва мероси Гомер ва Данте, Рудакий ва Фирдавсий, Низомий ва Шота Руставели, Саъдий ва Жомий, Шекспир ва Бальзак, Пушкин ва Толстой, Рабиндранат Тагор ва Лу Син каби улкан сўз санъаткорларининг номи ва меросидек ўлмасдир.

Натан Маллаев

 * * *

Адабий асарнинг қиймати, биринчи навбатда унинг қандай услуб билан ёзилишига боғлиқ. Алишер Навоий асарлари беш асрдан буён халқимиз томонидан севиб ўқилиб келинаётган экан, демак, бу асарлар яхши услуб билан инсонга фараҳ бағишлайдиган шакл ва оҳангларда битилган. Хоҳ унинг шеър ва достонлари бўлсин, хоҳ насрий асарлари, хоҳ илмий асарлари, хоҳ тарихий асарлари бўлсин, уларни ўқиган ҳар қандай китобхон юксак маънавий озуқа олади.

Абдуқодир Ҳайитметов

* * *

“Туҳфат ул-афкор” қасидаси Алишер Навоийнинг шоҳ асарларидан бири бўлиб, унда абадул абад аҳамиятини йўқотмайдиган, ҳамиша долзарб ғоялар ифода этилган.

Нажмиддин Комилов

 

Тўпловчи: Меҳрож ДОНИЕВ