Тўловни нақд, пул ўтказиш ёки терминал орқали амалга ошириш мумкин.

Манзил: 100002, Тошкент шаҳри Зарқайнар 18-берк кўча 47а-уй.

Мўлжал: “Ҳастимом” мажмуаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ёнида.

Телефонлар: (0 371) 240-08-23, (+99890) 315-60-03.

Нархномани юклаб олинг.

Ислом маърифатини халқимиз ва дунё мусулмонларига етказишда диёримиз олиму уламоларининг ҳиссаси беқиёс. Ана шундай уламолардан бири Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эди. У киши узоқ йиллар дин хизматида самарали фаолият кўрсатиб, хайрли ишларни амалга оширди. 2015 йил 10 март куни ислом дунёсининг забардаст олими Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 63 ёшда ҳаётдан кўз юмди.

Шайх ҳазратлари Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси, Тошкентдаги ислом олий маъҳади, Ливия ислом университети каби олий ўқув юртларида таълим олган. Сўнгра Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва Тошкентдаги ислом олий маъҳадида масъул вазифаларда меҳнат қилган. 1989 йилдан 1993 йилгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий лавозимида фаолият юритган.

Шайх ҳазратларининг олти жилдли “Тафсири Ҳилол”, кўп жилдли “Ҳадис ва ҳаёт”, “Имон”, “Сунний ақидалар”, “Одоблар хазинаси”, “Васатия – ҳаёт йўли”, “Зикр аҳлидан сўранг” каби ўнлаб диний-маърифий асарлари халқимизга мўътадил ислом маърифатини етказишда катта ҳисса қўшган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Робита ал-олам ал-исломийнинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё мусулмон халқлар бошқарувининг Бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё уламолари кенгаши, Бутун дунё ислом уюшмаси, Макка шаҳридаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муассасасига қарашли Исломий фикрлар академияси каби халқаро ташкилотларнинг аъзоси эди. Шунингдек, у мусулмон дунёсида катта обрў-эътиборга эга уламо эди.

Шайх ҳазратларининг кўплаб халқаро анжуманлардаги Ислом оламининг долзарб масалаларига бағишланган чиқишлари мусулмон олами томонидан юксак баҳоланар эди. Шунингдек, мусулмон оламига мусибатлар олиб келаётган турли террорчи ташкилотлар ва бузғунчи оқимларнинг кирдикорларини фиқҳий ва шаръий асосда фош этиб билдирган фикр ва мулоҳазалари аксарият мусулмонлар учун тўғри йўлни ботил йўлдан ажратиб олишда муҳим аҳамият касб этди.

Дин илмларини эгаллаб, унинг эзгу таълимотларини халққа етказишнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, деганлар. Демак, дин таълимотини яхши тушунадиган бўлиш инсон учун катта бахт-саодатдир. Аллоҳ таоло Шайх ҳазратларига ана шундай яхшиликни ирода этган эди.

Ислом дини равнақига салмоқли ҳисса қўшган, довруғи нафақат Ўзбекистон, балки қўшни ва хориж мамлакатларида ҳам маълум бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фаолиятлари мўмин-мусулмонлар хотирасида абадий қолажак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг охиратлари обод бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши