Баъзида жамоатга кеч қолиб, масжидга кириб қоламан, имом намозни бошлаган бўлади. Шундай пайтдаги жамоатга қўшилиб олиш қонун-қоидаларини тушунтирсангиз?

Чоп этилди Fevral 19, 2019 Баъзида жамоатга кеч қолиб, масжидга кириб қоламан, имом намозни бошлаган бўлади. Шундай пайтдаги жамоатга қўшилиб олиш қонун-қоидаларини тушунтирсангиз?da fikr bildirishni o'chirish

Намозга кеч келиб, имомга иқтидо қилган киши, имомни намознинг қаерида топса ҳам унга иқтидо қилади. Агар имом товуш чиқариб (жаҳрий) қироат қилаётган бўлса, “Такбири таҳрима”ни айтиб (яъни, “Аллоҳу акбар” деб), санони (“Субҳанакаллоҳумма…”) ўқимасдан унга эргашади. Бироқ, бундай ҳолатда, етолмаган ракатини ўқиш учун турганида “сано”, “аъузу…” ва “Бисмиллоҳ…”ни айтиб қироатни бошлайди.

Агар имом овозини чиқармай (махфий) қироат қилаётган бўлса, кеч қолиб имомга эргашган одам санони ўқийди.

Жамоатга кеч қолиб келиб, имомни рукуъ ёки сажда ҳолатида топган киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан бирга рукуни ёки саждани адо эта олишига кўзи етса, санони тик турган ҳолида ўқийди ва имомга эргашади. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, имомга иқтидо қилади. Имом билан бирга руку қилса, ўша ракатга етган ҳисобланади. Агар имом билан бирга руку қила олмаса, ўша ракатдан кеч қолган ҳисобланади.

Имом салом бериб намозини тугатганидан кейин масбуқ ўрнидан туради ва қолган ракатларни адо қилади.

Шунга кўра, тўрт ракатли намознинг тўртинчи ракаатига етишган киши имом билан бир ракаат ўқийди, имом салом берганидан кейин туриб, Фотиҳа ва зам сура ўқийди. Рукуъ ва сажда қилганидан кейин ташаҳҳудга ўтиради. Чунки бу унинг учун иккинчи ракаат ҳисобланади. Ташаҳҳуддан турганида учинчи ракатга турган бўлади. Яна Фотиҳа ва зам сура ўқийди, рукуъ-сажда қилади ва охирги ракатга туради. Шу охирги ракаатда фақат Фотиҳани ўқийди, руку-сажда қилиб, ташаҳҳудга ўтиради ва салом бериб намозни тамомлайди. (Фатавои Ҳиндия, Шарҳи виқоя). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar