Мен Россиянинг Иркутск деган жойида тахта кесаман. Овқатни руслар мол гўштидан тайёрлашади, ҳалолми ҳаромми билмайман. Шу масалада аниқлик киритиб беришингизни сўрайман?

Чоп этилди Fevral 21, 2019 Мен Россиянинг Иркутск деган жойида тахта кесаман. Овқатни руслар мол гўштидан тайёрлашади, ҳалолми ҳаромми билмайман. Шу масалада аниқлик киритиб беришингизни сўрайман?da fikr bildirishni o'chirish

Сиз ишлайдиган жойда асосан насронийлар яшайди ва уларни динимизда аҳли китоблар, деб аталади. Уламоларимиз аҳли китоблар сўйган жонлиқни ейиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:

الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

яъни: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).

Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид ва бошқа эътиборли олимлар разияллоҳу анҳум: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар (“Тафсири ибн Касир”).

Аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар, авваламбор мусулмонларга ҳалол бўлган сигир, қўй ва товуқ каби жониворлар бўлиши керак. Кейин эса, жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда Яратувчининг номини тилга олишлари лозим. Сўйилаётган ҳайвон бўғиб, ё уриб ўлдирилса, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Ҳайвоннинг шоҳтомирини кесиш ва қонини оқизиш йўли билан сўйилса, бизга ҳалол бўлади.

Агар насроний жонлиқ сўяётган пайтда ўз тилида «Бисмиллаҳи» деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса ҳам, гўшт ҳалол бўлади, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

Демак, аҳли китоблар юқоридаги қоидаларга кўра сўйган ҳайвоннинг гўштидан таом тайёрланаётган бўлса, ундан ейишингиз жоиз. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar