Саволим куйидагича, чет элдан туриб Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Новқатий, Маҳмуд Абдулмўмин исмли шахслар турли диний саволларга жавоблар ва фатволар беришмоқда. Биз улар билан кўриша олмасак, яшаш жойини билмасак, улардан тўғри йўл сўраш, берган фатволарига амал қилиб, эргашиш мумкинми? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат.

Чоп этилди Fevral 20, 2019 Саволим куйидагича, чет элдан туриб Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Новқатий, Маҳмуд Абдулмўмин исмли шахслар турли диний саволларга жавоблар ва фатволар беришмоқда. Биз улар билан кўриша олмасак, яшаш жойини билмасак, улардан тўғри йўл сўраш, берган фатволарига амал қилиб, эргашиш мумкинми? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат.da fikr bildirishni o'chirish

Ҳозирда ижтимоий тармоқда сиз номларини айтиб ўтганингиз каби шахслар диний мазмундаги дарслар, саволларга жавоблар бериш орқали жамиятимизда турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлишмоқда. Уларнинг асли ким, илмий салоҳияти, мазҳаби ва ақидаси қандай экани кўпчилик ёшларимизга маълум эмас!
Мисол учун шулардан Абдуллоҳ Зуфар номи билан танилган йигитни олайлик. У Миср Араб Республикасида бироз таълим олган. Кейин Миср ҳукумати томонидан таъқибга учраб, Швецарияга бориб, ўша ерда ўзбек тилида билимсизлик билан турли ихтилофларни қўзғашни бошлаган. Аслида унинг аудио ёзилган гап-сўзлари илмсиз эканини яққол исботламоқда. Оят ва ҳадисларни зоҳирий – юзаки маъносини олиб, мазҳабсизликка тарғиб қилиб, мужассима (Аллоҳ таолога жисм сифатини берувчи тоифа) ва хаворижларни ақидасига тарғиб қилаётгани кўпчилик илм аҳлларига сир эмас. Минг афсуски, сиз айтиб ўтганингиздек, бугунги кунда кўплаб ёшлар ўзларининг диний эҳтиёжларидан келиб чиқиб, унинг гап-сўзларини фарқлай олишмаётир.

Бу каби ҳолатлар фақат бизнинг замонда бўлаётгани йўқ. Аввалги даврларда ҳам гап-сўзга уста, аслида эса, илмсиз ва жоҳил кишилар одамларга “фатво” айтиб, ўзларини машҳур қилишга уринганлар бўлган. Уламоларимиз азалдан “Шаръий саволларга жавобни эл-юрт олдида илми ва тақвоси ила танилган олимлардан олиш керак” эканини таъкидлаб келганлар. Машҳур тобеинлардан бири Муҳаммад Ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ “Шаръий илм бу – дин демакдир! Уни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”, – деганлар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса: «Ушбу илм – диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: «Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар» деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!», – деганлар.

Демак, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги номаълум, келиб чиқиши ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмайди. Чунки, фатво бу диндир! Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. “Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш керак”, дейилмайди. Балки, фатво беришга лойиқми ёки йўқми, ишончли уламолардан таълим олганми, динда холисми ёки ғаразли мақсади борми? Шуларга қаралади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar